Қундуздаги зўравонликлар тафсилотлари эълон бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Чегара билмас шифокорлар" шифохонасига ҳужум оқибатлари

БМТнинг Афғонистондаги Ёрдам Миссиясига (UNAMA)га кўра, ўтган сентябр ойи Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрига толиблар ҳужум қилиши ортидан камида 848 инсонга заҳмат етган.

Ташкилот ҳисоботида 28 сентябрдан 13 октябрга қадар икки ҳафта давом этган қуролли ихтилофлар чоғи оддий аҳоли бошига тушган мудҳиш ҳодисалар тафсилотлари жамланган.

Ўша даврда Толибон Қундуз шаҳрида вақтинчалик назорат ўрнатган ва ҳукумат кучлари шаҳар назорати учун қақшатқич жанглар олиб боришганди.

UNAMA жанглар 289 инсоннинг ўлимига, 559 кишининг тан жароҳати олишига сабаб бўлганини айтади.

Улар жумласига "Чегара билмас шифокорлар"(MSF) ташкилотининг Қундуз шаҳридаги шифохонасига АҚШ ҳарбий учоқлари ҳужуми чоғи ҳаётдан кўз юмган 30 киши ҳам киради. Ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида кескин қораланган ҳужумда 37 инсон тан жароҳати олганди.

Ҳисоботда ихтилоф пайтидаги асоссиз қатллар, одам ўғирлаш, тажовуз ва бошқа шаклдаги зўравонликлар, жумладан, кенг қулоч ёйган жиноятчилик, таҳдидлар, болаларни жангга солиш каби амаллар ҳужжатлаштирилган.

Шунингдек, муаллифлар мазкур амалларнинг таълим, соғлиқни сақлаш тизими, шаҳар ичкариси ва ташқарисидаги қатновга қанчалар таъсир кўрсатганини ҳам ўрганишган.

Ўғриликлар, талон-тарож, электр қуввати узилиши, қуролли шахсларнинг вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланганларига оид маълумотларгача ҳисоботдан ўрин олган.

БМТ миссияси ахборот кўпайган сари келтирилган талофатлар рақами ошиб бориши мумкинлигини айтади. Ташкилотга кўра, вазиятнинг беқарорлиги боис ходимлар Қундуздаги ҳодисалар борасида тўлиқ тафсилотларни тўплаш имконига эга бўлишмаган.

Аммо, ҳисобот муаллифлари Афғонистондаги 2001 йилдан бери шаҳар ҳудудида энг узоқ давом этган жанглар пайти инсон ҳақлари топталиши боғлиқ ҳолатлардан қаттиқ ташвиш билдиришган.

Улар оддий аҳоли орасидаги талофатларни камайтириш ва инсонларни зиён-заҳматдан имкон қадар ҳимоялаш, халқаро ва инсонпарварликка оид қонунларни ҳурмат қилиш ҳамда жавобгарликни кучайтиришга оид тавсиялар ҳам тақдим этишган.

Айни пайтда ташкилот шифохонага ҳужум юзасидан мустақил текширувларни ташкил қилиш чақириқларига қўшилган. Ташкилотнинг таъкидлашича, агар ҳужумнинг атайин уюштирилгани маълум бўлса, бу уруш жиноятларига тенг кўрилиши мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, Қундузда кечган амалиётлар чоғи 13, 000 киши шаҳарни тарк этишга муваффақ бўлган, бироқ 150,000 нафарга яқин инсон шаҳар ичкарисида қолиб кетган. Зўравонликлар ва амниятсизлик оқибатида бошпанасиз қолганлар сони эса, юз минглаб дейилади.

БМТнинг Афғонистондаги Ёрдам Миссияси Толибон аёл фаоллар ва инсон ҳақлари ташкилотларига ишловчиларни мунтазам таъқиб қилиб, "қўрқув муҳити" пайдо қилгани ҳақида гапиради. Бунинг ортидан эса, кўплаб фаоллар шаҳарни тарк этишган.

Аммо, ташкилотнинг айтишича, текширувлар чоғи толиблар томонидан хотин-қизларга қарши кенг кўламли зўравонликлар амалга оширилганига оид даъволар исботини топмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ