Лондонлик муслима: 'Тупуриб, кўппаксан дейишди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Агар, расмий маълумотларга таянилса, Париждаги қонли ҳужумлар ортидан Британия пойтахтида турли кўринишдаги ҳужумларга учраётган мусулмонларнинг сони қарийб тўрт баробарига ортган.

13 ноябр куни Парижда амалга оширилган мувофиқлаштирилган қонли ҳужумлар юздан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган ва уларга масъулиятни Яқин Шарқдаги Ишид гуруҳи расман ўз зиммасига олиб чиққанди.

Лондон Бош полиция идорасининг маълум қилишича, ўша ҳафтада исломофобия заминида амалга оширилган 24 та ҳодисани қайд этишган.

Орадан икки ҳафта ўтиб эса, мусулмонларга қарши уюштирилаётган бу каби ҳужумларнинг сони 76 тага етган.

Буюк Британия Муслималар Тармоғи вакиласи Массарат Зиёнинг айтишича, мавжуд ҳолат Лондондаги мусулмон жамоасини “қўрқитмай қолмаган”.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, мусулмонларга қарши кучайиб бораётган ҳужумлар манзарасида бошқа дин вакиллари ўзларига дастакка келишган.

Мавжуд вазиятдан афсусда эканликларини изҳор этган маҳаллий масъулларга кўра эса, “мушкул дамлар” сабаб, Лондонда диний нафратга асосланган ҳужумлар кўпайган.

Худди шу манзарада уларнинг ҳафталиги қолиб, йиллик қайдлари ҳам бунга ўхшаш воқеалар ортиб бораётганига далолат қилган.

Мусулмон жабрдийдаларнинг аксарияти жамоатчилик жойларида ўзларига нисбатан адоватли муносабатдан шикоят қилишган.

Рақамлар...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Дейлик, ўтган йилнинг октябр ойигача бўлган муддат билан таққосланганда, Лондонда мусулмонларга қарши турли кўринишдаги ҳужумларнинг сони қарийб ярмига ортган.

Ўтган йил 576 та ҳолат қайд этилган бўлса, жорий йил якунига келиб, бу рақамлар 845 тага етган.

Агар, Зиё хонимнинг сўзларига таянилса, “савдо марказларида одамлар ўзларини мусулмонлардан четга тортаётган, жамоат нақлиётларида ёнларига ўтирмасликка ҳаракат қилишаётгани ҳолларига оид шикоятлар олишмоқда”.

“Бундан ташқари, муслималарнинг ниқоблари ва ҳижобларидан ҳам тортиб кетадиган бўлишибди. Ҳа, Париждаги қонли ҳужумлар ортидан мусулмонлар орасидаги қўрқув кучаймоқда”, - дейди у.

Унинг айтишича, Лондондаги мусулмон жамоаси орасида Британиянинг Суриядаги ҳаво ҳужумларидан хавотирда бўлганлари ҳам йўқ эмас.

Улар британ ҳукуматининг қарори бизни янада таҳлика остига қўймасмикан, деган ташвишдалар, дейди Зиё хоним.

Аммо, унинг айтишича, бошқа дин вакиллари ўзларини ташлаб қўйишмаган.

“Ҳар гал нимадир содир бўлганида, бунга биз – мусулмонларнинг ҳеч бир алоқаси йўқ”, - деяверишдан чарчадим. Аммо ҳозир ўз динимизда бўлмаган одамлар ҳам келиб, бизни овутишга, ўз бирдамликларини изҳор этишга ҳаракат қилишмоқда. Бу, худди, зулматнинг ичидан балқиган нурга ўхшайди”, - дея сўзларида давом этади Зиё хоним.

Лондон Бош полиция идорасининг билдиришича, аллақачон пойтахт кўчаларига қўшимча қўриқчилар ташланган.

Мингга яқин зобитлари эса, диний нафрат заминида қўл урилган ҳужумларнинг тагига етиш билан банддир.

Масъулларга кўра, қўлларидаги рақамларнинг бир неча баробарга сакраб кетишига жабрдийдаларнинг ҳимоя истаб, ўзларига кўпроқ мурожаат қилишаётгани ҳам сабаб бўлган.

Аммо, уларнинг эътироф этишларича, шунда ҳам, сукут сақлашни афзал билаётган мусулмонлар озмунча бўлмаслиги тайин.

"Лекин ҳеч ким бу ҳолича жабр чекиб ўтирмаслиги керак".

Жабрдийда

Лондонлик режиссёр Сабо Замон диний нафратга асосланган ҳужум қурбонларидан бири.

Унинг айтишича ҳам, Париждаги қонли ҳужумлар ортидан муслималарга қарши ёвқарашлик ҳиссининг ортиб бораётганига шахсан ўзи гувоҳ бўлган.

Франция пойтахтидаги машъум ҳодисадан уч кун ўтиб, метродаги йўловчилардан бири вагондан тушиб кетаркан, менга тупуриб, “кўппак”, деб кетди.

“Тупуги бутун қоғозларим устига сачраб кетган экан. Фақат вагондан тушиб кетганидан кейингина буни пайқабман. Кулишингни ҳам билмайсан, йиғлашингни ҳам. Ғазабим тошди. Ҳеч қачон бундай ҳолатга гувоҳ бўлмаганман, нима қилишимни билмай, қотиб қолдим”, - дейди у.

Сабонинг айтишича, метродаги ҳодисадан уч ойча аввал бундан-да қўпол муносабатга тўқнаш келган. Бир эркак ҳижобидан ушлаб, тортқилаган.

“Шунчалик қўрқиб кетгандимки, ишга бориб, йиғлаб юбордим. 2007 йил 7 июл воқеаларидан кейин илк бор ўз она шаҳримда ўзимни шунчалик ҳимоясиз ҳис этдим”, - дея ўз сўзларида давом этади у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, сўнгги пайтларда ўзига ўқрайиб қараётган одамларнинг сони ҳам ортган.

Жамоат транспортларида йўловчилар ҳам ўзларини муслималардан четга тортишаётганини пайқаган.

Метрода эса, яна бир муслимани туртиб, нинзяларга ўхшаб кийиниб олганмисан, дея ҳақорат қилишганига ҳам гувоҳ бўлганман, дейди Сабо.

Унинг айтишича, ҳозир метрода бирорта мусулмон аёлни кўриб қолса, яна бирор кор-ҳол рўй бермасин, деб айнан у билан битта вагонга чиқадиган бўлиб қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ