Аллоҳдан қўрқиб, мактаблар ёпилди

Image caption Кўплаб ота-оналар араб ёзувини кўриб, ваҳимага тушишган.

Оддийгина жўғрофия дарсида берилган вазифа бутун штатнинг ўтакасини ёриб юбориши кутилмаган ҳодиса бўлди.

Муаллим ўқувчилардан Исломий хаттотлик намунасини топишни сўрайди.

Аммо баъзи ота-оналар боламга "радикал қарашларни сингдиришмоқда", деб ваҳимага тушишади.

Расмийларга кўра, аслида мактабларни ёпиш учун жиддий таҳдид ё хавф-хатар бўлмаган. Бироқ ҳаддан ташқари кўп шикоят тушгани боис эҳтиёт чораси кўришган, холос.

Аллоҳдан қўрқув

Бир ҳафта олдин Яқин Шарқ маданиятини ўрганаётган юқори синф ўқувчиларига араб имлосида битилган Исломий хаттотлик намунасини топиш уй вазифаси қилиб берилади.

Муаллим айни хаттотлик намунасида араб тилида "Ла Илаҳа ил-Аллаҳ Муҳаммад ур-Расул Аллаҳ" (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир) дея битилган бўлиши керак, деб топшириқ берган.

Бироқ баъзи ўқувчилар уй вазифасини бажаришдан бош тортишган. Ота-оналар эса болаларимиз бошига Исломий ғояларни қуйишмоқчи, деб айблашган.

Улар ўқитувчини ишдан бўшатишни талаб қилганлар.

Мактаб маъмурияти эса уларнинг талабини рад этиб, жўғрофия дарси ўқув дастурига мувофиқ, Яқин Шарқни ўрганаётган талабалар минтақа дини ҳамда тилини ҳам ўрганишлари керак, деб айтган.

Аммо қатор талабалар ва ота-оналар ғазаби бутун штатга ёйилиб, шикоятлар ортиб боравергач, мактаб дарвозасини ёпиб, қўриқчи тайинлашга мажбур бўлишган.

Жума кунига келиб эса нафратга тўла ва ҳақоратли арз-додлар шунчалик кўпайиб кетганки, расмийлар штат бўйлаб мактабларни ёпишга қарор қилганлар.

"Чумчуқ пирр этса..."

Таълим мутасаддиларига кўра, жўғрофия дарсида араб тилининг ўзига хос жиҳатларини ўрганмоқчи бўлишган ва талабаларга асло Ислом динини тиқиштиришгани йўқ.

Аммо келажакда диний мазмунга эга бўлмаган араб тили намуналаридан фойдаланишга қарор беришган.

Мактабларни ёпиш қарорини кўпчилик танқид қилмоқда.

"Қўрқув яна ғолиб чиқибди-да" - деган бир виржиниялик киши афсус билан.

Ижтимоий тармоқларда қолдирилган фикрлар ҳам ҳар хил.

"Ватанпарвар боболаримиз гўрида тик тургандир" - деб ёзган бир маҳаллий фойдаланувчи.

"Чумчуқ пирр этса, юраги ширр этадиган бу одамлар ҳар куни уйидан ташқарига қанақа чиқаркан?" - деган мазмунда истеҳзоли жавоб қайтарган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ