Сония ва Раҳул Гандилар судга тортилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сония ва Раҳул Ганди Ҳиндистоннинг нуфузли Неру-Ганди сулоласи аъзоларидир

Ҳиндистон ҳукуматига мухолиф Конгресс партиясининг энг юқори даражали раҳбарлари Сония ва Раҳул Гандилар порахўрлик ишига алоқадорликда судга тортилишлари кутилади.

Улар ҳозирда ёпилган "National Herald" газетасини чоп этган фирмани сотиб олиш учун партия пулларини суистеъмол қилишда айбланишмоқда.

Ҳукуматдаги BJP (Бҳаратия Жаната партияси) аъзоси Субраманиан Свами уларни судга берган. Унинг арзига кўра, она-бола Гандилар қиймати 300 миллион долларга тенг кўчмас мулкни сотиб олиш учун мазкур компания устидан назоратни қўлга олганлар.

Сония ва Раҳул Ганди айбловларни рад этишмоқда. Улар Деҳлидаги туман маҳкамасига тортилганлар.

Хабарларга кўра, Конгресс партиясининг юзлаб тарафдорлари партия президенти Сония Ганди ва вице-президенти Раҳул Гандини қўллаб-қувватлаш учун суд идораси ташқарисида йиғилишлари кутилади.

Жаноб Свами тартиб бузилишидан хавотир билдириб, Бош Вазир Нарендра Модидан қўшимча полиция кучлари сафарбар қилинишини сўради.

1938 йилда Ҳиндистоннинг илк Бош вазири Жаваҳарлал Неру томонидан асос солинган "National Herald" газетаси 2008 йилда ёпилганди.

Конгресс партияси уни қайта тиклашга уринганини айтган.

Аммо, жаноб Свамига кўра, Конгресс партияси раҳбарияти аслида мазкур газетанинг кўчмас мулкларини ўзлаштириб олишни истаган.

Бу можаро парламент сессияси фаолиятини издан чиқарган. Конресс партияси аъзолари ҳукуматдаги BJP партиясини "сиёсий қасос" олишда айблашмоқда.

Конгресс партияси 10 йил Ҳиндистонни бошқариши ортидан, ўтган йили сайловларда мағлуб бўлди.

Асли италиялик Сония Ганди 1991 йилда ўлдирилган собиқ Бош вазир Ражив Гандининг бевасидир.

Ражив Ганди 1984 йилда ўз онаси - Бош вазир Индира Ганди ўлдирилиши ортидан лавозимни эгаллаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio