“ИШИДнинг амаллари қатлиомга тенг кўрилсин”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption ИШИДдан қочаётганлар

Британия парламентининг 60 дан ортиқ аъзоси Бош вазирга йўллаган мактубида ИШИД томонидан диний ва миллий озчиликларнинг ўлдирилишини қатлиом ( геноцид) деб тан олишга чақирилади.

Парламент аъзолари Бош вазир Девид Камеронни ўз мавқеидан фойдаланиб, БМТнинг бу масалани ижобий ҳал этиши ва ИШИД жиноятларини қатлиомга тенглаштириш учун таъсир ўтказишга даъват қилишган.

Мактубга кўра, бу амал билан қатллар учун масъуллар қўлга олинади, маҳкамага тортилади ва жазо тайинланади. ИШИД Ироқ ва Суриядаги насронийлар, язидийларни мунтазам қириб келмоқда, дейилади мактубда.

Аввалроқ БМТ ҳам язидийларга нисбатан ИШИД томонидан уюштирилган қирғинларни қатлиом ва Ироқда уруш жиноятларига тенг амал бўлиши мумкин деган хавотирларни изҳор этганди.

Инсон ҳақлари ташкилотларига кўра, бу жиҳод даъвосидаги гуруҳ Ироқдаги бошқа озчиликларни ҳам қириш ҳаракатига тушган.

Британия парламенти аъзолари Род Флелло ва Девид Алтон томонидан ёзилган айни мактубда шунингдек, ИШИД Ироқ ва Сурияда черков руҳонийларини ўлдираётгани, оммавий қатллар уюштираётгани, қийноқлар қўллаб келаётгани ва насроний жамоалардан одамларни гаровга олаётгани, насроний хотин-қизларни жинсий қул қилиб зўрлаётгани ҳақида далиллар етарлидир.

Айни мактубда ёзилишича, ИШИД бошқа диндагиларни мажбуран Исломга киритмоқда.

Черковлар бузилмоқда, насронийларнинг қабристонлари вайрон қилиниб, руҳонийларнинг мол-мулклари тортиб олинмоқда.

Мактубга имзо қўйганлар ИШИДнинг айни амалларини қатлиом деб аталишини талаб қилишган.

“Қатлиом” БМТ баҳосида:

"Қатлиом бутун бир миллий, этник, ирқий ва ё диний гуруҳни ёки қисман ва ё тамоман йўқ қилиш ҳаракатидир:

Бирор гуруҳ аъзоларини аввалдан режа ва ҳисоб билан қисман ёки бутунлай жисмонан йўқ қилиш ҳаракати;

Шу гуруҳ ичида туғилишга қарши чоралар кўриш;

Айни гуруҳда туғилган болаларни бошқа бир гуруҳга мажбуран кўчириш”.

ИШИД - Сурия шарқи ва Ироқ шимоли ҳамда ғарбида йирик ҳудудларни назорат қилаётган радикал исломий гуруҳдир.

Унинг оммавий қатл, диний ва этник озчилик вакилларини ўғирлаб кетиш, аскарлар ва журналистларнинг бошини танасидан жудо қилиш каби шафқатсиз усуллари дунё бўйлаб ваҳима ҳамда ғазаб уйғотиши баробарида АҚШнинг ҳарбий мудоҳаласига ҳам сабаб бўлган.

Гуруҳ шариат қоидалари асосида ягона сиёсий ва диний раҳбар томонидан бошқариладиган давлат - Халифалик қуришни мақсад қилиб олган.

Гарчи ҳозирда Ироқ ва Сурия сарҳадлари билан чекланган эса-да, ИШИД Иордания ва Ливан "чегараларини бузиш" ва Фаластинни озод этиш"га ваъда берган.

ИШИД шунингдек, Марказий Осиё дохил, Покистон, Эрон ва Афғонистонни ҳам ўз ичига олган Хуросонга даъвогарлик қилади.

Ташкилот бутун дунёдан айрим мусулмонларнинг дастагига эга ва улардан ўз раҳбари - Иброҳим Авод Иброҳим Али ал-Бадрий ал-Самарраий ёки Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат этишларини талаб қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ