Россия зарбалари "200 оддий сурияликни ўлдирган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Идлибдаги турар жойга 20 декабрда уюштирилган ҳужумда Россия учоқлари айбланди

Россиянинг Сурияда 30 сентябрь ва 29 ноябрь орасида амалга оширган ҳаво зарбалари камида 200 оддий одамни ўлдирган, дейилади Халқаро Амнести ташкилотининг ҳисоботида.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мазкур ташкилот гувоҳлар ҳикояларига таяниб Россияни оддий аҳоли яшайдиган жойларга сочма бомбаларни ташлашда айблаган ва бу каби ҳужумлар уруш жиноятларига тенг бўлиши мумкинлигини айтган.

Москва фақат "террорчи" гуруҳлар мавқеларини нишонга олаётганини айтади.

Амнести ўз ҳисоботида АҚШ бошчилик қилувчи коалициянинг Суриядаги ҳаво зарбалари борасидаги хавотирларни ҳам текшираётганини айтди.

АҚШ 2014 йил сентябрида бошлаган ИШИДга қарши бомбалаш амалиётларида оддий инсонлар ҳалок бўлганини камдан-кам ҳолларда тан олган, аммо баъзи кузатувчилар гуруҳларига кўра, бу талафотлар сони юзлаб бўлиши мумкин.

Россия ўз ҳаво зарбаларини бу йил сентябрида бошлаган ва ўз аралашуви Сурия Президенти Башар ал-Ассаднинг илтимосга биноан амалга оширилаётганини айтган.

Россия учоқлари нафақат ИШИД, балки Ғарб томонидан қўллаб-қувватланувчи гуруҳларни ҳам "террорчи" дея нишонга олмоқда.

"Ҳарбий бўлмаган нишонлар"

Ўз ҳисоботида Амнести 30 сентябрь ва 29 ноябрь орасида Ҳомс, Ҳама, Идлиб, Латакия ва Ҳалабда юз берган 25та ҳаво зарбасини "йироқдан тадқиқот қилган"ини айтди.

У телефон ва интерент орқали ҳужумлар гувоҳлари билан суҳбатлар қилгани, аудио ва видео исботларга эга экани, ҳамда "қурол мутахассисларидан маслаҳат" олганини билдирди.

Ташкилотнинг айтишича, "Россия армияси аҳоли зич жойлашган ҳудудларда бомба ташлагани ва одат танламасдан сочма ўқларни қўллаган"ига исбот бор.

Амнести олтита ҳужумни текширган ва уларнинг ҳар бири ўнлаб оддий одамларни ўлдиргани, ҳамда яқин орада ҳарбий нишонлар бўлмаганини айтган.

Масалан, 29 ноябрда, ташкилотнинг айтишича, Россия учоғи Идлиб вилоятидаги Ариҳа шаҳрининг одамларга гавжум бозорига учта ракета ташлаган.

Маҳаллий фаол бу ҳужумда камида 49 оддий одам ўлгани ёки бедарак йўқолгани ишонилишини хабар қилган.

"Бу оддий якшанба эди. Одамлар бозор қилишаётганди, болалар овқатланишаётганди. Аввалига йирик портлаш юз берди, осмонга чанг кўтарилди, кейин ҳамма шокка тушди. Бир неча сония ўтгач, одамлар бақиришни бошладилар, ҳавони тутун қоплади", - деб айтган фаол Муҳаммад Қураби ал-Ғазал.

Унга кўра, бу ҳудудни қуролли Жайш ал-Фотиҳ назорат қилган, аммо унинг жангчилари Ариҳанинг ичида бўлмаганлар.

Россия президенти воизи Дмитрий Песков мудофаа вазирлиги Амнести ҳисоботининг ҳаққонийлигини текшираётганини билдирди.

Душанба куни Россия Сурияда сочма бомбаларни қўллаётгани борасидаги даъволар ҳақида сўралганда, у "Россия халқаро қонунлар тамойиллари ва нормаларига мувофиқ тарзда ўз амалиётларини бажараяпти", деб айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio