ИШИД раҳбари Бағдодий мурожаати эълон қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Исломий веб-сайтларда ўзини “Исломий Давлат” деб атайдиган экстремистик гуруҳ раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийники экани эълон қилинган аудио мурожаат тарқатилган.

Айни пайтда ИШИД жангарилари Рамади шаҳрини тарк этганлар.

Аудио мурожаат 24 дақиқа давом этади.

Унда ўзини ИШИД раҳбари деб эълон қилган Бағдодий, ҳаво ҳужумлари ИШИДни кучсизлантиргани йўқ, деб айтган.

Аксинча, ҳаво ҳужумлари ИШИД жангариларининг жанговор руҳини кўтарди, дейилган мурожаатда.

Бу Абу Бакр ал-Бағдодий тақдири ҳақида турли хабарлар тарқалган 2015 йил баҳоридан кейин эълон қилинган биринчи аудио мурожаати.

Ироқ Ички ишлар вазирлиги вакили Би-би-сига ИШИДга қарши ҳарбий коалиция уюуштирган ҳаво ҳужумида Бағдодий жиддий яралангани ҳақида айтган эди.

Абу Бакр ал-Бағдодийнинг шахсияти ва қаерда экани ҳақидаги маълумот сир сақланади.

ИШИД жангариларининг аксари у билан юзма-юз кўришмаган.

Ўзини мусулмонларнинг халифаси деб эълон қилган Бағдодийнинг қўмондонлар олдида юзини ниқоб билан тўсиб чиқиши маълум бўлган.

Шунинг учун унга "кўринмас шайх" деган ном ҳам берилган.

Сурия шимолида АҚШ дастаклаётган курд, араб ва насроний жангчилар "Исломий Давлат" қўлидан Евфрат дарёсидаги муҳим сув тўғонини тортиб олишга маваффақ бўлганлари хабар қилинмоқда.

Ироқ расмийларининг Би-би-сига айтишларича, охирги кунларда қаттиқ жанглар кечган Рамади шаҳрини ИШИД жангарилари тарк этганлар.

Рамади шаҳри Ироқ пойтахти Бағдоддан 130 километрча ғарбда жойлашган ва ИД шаҳар устидан назоратни 2015 йил майида қўлга олган эди.

АҚШ раҳбарлигидаги ҳарбий коалиция ҳаво ҳужумлари дастагида Ироқ ҳукумати кучлари ва сунний қабилалар жангчилари 22 декабр куни Рамади учун жангни бошлаган эдилар.

Ичкарида тинч фуқаролар қамалиб қолгани ва жойлар миналаштирилгани эҳтимоли мавжудлигидан кенг миқёсли ҳарбий амалиётлар кечикиб турган эди.

Ироқ ҳарбий манбаларининг Би-би-сига айтишича, Ироқ кучлари Рамади шаҳридаги вилоят ҳокимлиги биносидан атиги бир неча метр узоқликдалар.

Бу бино ИШИД жангарилари қуролли қаршилик кўрсатган охирги истеҳком бўлган.

ИШИД жангарилари ўз ихтиёрлари билан Рамадини тарк этдилар, деб ишонилмоқда.

Ироқ ҳарбийлари шу ҳафта давомида кўчалар ва биноларни миналардан тозалашларига тўғри келган ва вилоят ҳокимлиги биноси ҳам минага тўла эканига улар ишонадилар.

Рамади учун ҳужумларга бир неча ой тайёргарлик кўрилган.

Охирги кунларда жанглар ўртасида қолиб кетган юзлаб оилалар вакилларининг тақдири борасида хавотирлар пайдо бўлган.

ИШИД жангарилари тинч фуқароларни бир жойга тўплаётганлари ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ бундан кўзлаган мақсадлари нима экани аён эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ