"Толибон" раҳбари Путин билан учрашмаган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Президенти Владимир Путин "Толибон" раҳбари Мулло Ахтар Мансур билан учрашгани ҳақидаги хабар ортидан "Толибон" махсус раддия баёнот эълон қилган.

Афғонистон "Толибон"и раҳбари Мулло Ахтар Мансур Россия Президенти Владимир Путин билан учрашгани ҳақидаги хабар 28 декабр куни Британияда чоп этиладиган Sunday Times рўзномасида эълон қилинган.

Sunday Timesга кўра, учрашув ҳақида "Толибон" ҳаракатидаги юқори лавозимдаги манба хабар берган.

Ушбу манбага кўра, 2015 йил сентябрида Президент Путин Душанбе шаҳрига ШОС саммитига борган пайтида Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базасида "Толибон" раҳбари Мулло Ахтар Мансур билан учрашган.

Гўёки Президент Путин "Толибон"ни дастаклашга ваъда берган, бундан кўзланган мақсад, минтақада таъсири ортиб бораётган "Исломий Давлат"га қарши курашда "Толибон"дан фойдаланиш бўлган.

Толибон раддиясида "ташқаридан бирор бир гуруҳ дастагига муҳтож эмаслиги ва шу муносабат билан ҳеч ким билан мулоқот қилмаган"и айтилган.

23 декабр куни Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус элчиси Замир Кабулов "Исломий Давлат"га қарши курашда Россия билан Толибон манфаати бир-бирига мос келади, деган баёнот билан чиққан эди.

“Бу масалада толибларнинг қизиқишлари шундоқ ҳам бизники билан мос келади. Ахборот алмашиш учун толиблар билан лозим каналларга эга эканимиз ҳақида бундан аввал ҳам айтганман”, - деган жаноб Кабулов.

Бунга жавобан эса "Толибон" Россия билан ҳеч қандай музокара қилмагани ҳақида баёнот билан чиқди.

Бу баёнотда айтилишича, "ўзини ДАИШ деб атаганлар муносабати билан кимдан бўлишидан қатъи назар, кўмак олишга эҳтиёжлари йўқ.

"Ҳеч ким билан мулоқотга киришганимиз йўқ ва бу масала бўйича ҳеч ким билан музокара ўтказганимиз йўқ", дейилган Толибон баёнотида.

Шу йил июл ойи охирида "Толибон" раҳбари Мулло Умарнинг ўлими ҳақида эълон қилинди.

Август ойида Мулло Ахтар Мансур "Толибон" раҳбари этиб сайлангани тўғрисида хабар берилди.

Бунинг ортидан "Толибон" ҳаракати ичида бўлиниш юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ