Оврўпога денгизда кирган муҳожирлар сони миллиондан ошди

БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлигига кўра, 2015 йил бошидан буён Оврўпога денгиз орқали етиб олган қочқин ва муҳожирларнинг сони 1 миллиондан ортган.

2014 йили бу рақам 216000 дан зиёдни ташкил этган эди.

21 декабр куни Халқаро Муҳожирлик ташкилотиОврўпога қуруқлик ва денгиз орқали кирган муҳожирларнинг сони 1006000 дан ортди, дея хабар тарқатган эди.

БМТнинг Қочқинлар идорасига кўра, Юнонистонга етиб олган 1000573 кишининг 80 фоизи Лесбос оролига соҳилигача сузиб келганлар.

Тахминан 844000 киши Туркиядан кемаларда Юнонистон оролларига етиб борганлар.

150 мингдан ортиқ инсон Ўрта Ер денгизини кесиб ўтиб Ливиядан Италиягагача борганлар.

2015 йил Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Оврўпо юзма-юз келган энг ёмон муҳожирлик инқирози бўлган деб кўрилмоқда.

Ўрта Ер денгизини кесиб ўтганларнинг 49 фоизини сурияликлар ташкил этган.

21 фоизи Афғонистондан бўлган.

"Ўз ҳаётларини хатарга қўйиб денгиздан кечиб ўтишга ҳаракат қилаётганларнинг аксари ўз мамлакатларида урушлардан, зўравонликлар ва таъқиблардан қочаётган халқаро муҳофазага муҳтож кишилардир", дейилади БМТ Қочқинлар агентлиги веб-сайтида.

Оврўпога етиб оламан дея денгизда йўлга чиққан ва ҳалок бўлган ёки бедарак кетган инсонларнинг сони 3735 кишига етган.

Юнонистоннинг Лесбос оролига декабр ойининг ҳар кунида 2000 атрофида одам етиб олган.

Лесбосда бўлиб турган Би-би-си мухбири Пол Адамснинг хабар қилишича, шу кеча-кундузда оролда аввалги кунларга нисбатан солиштирганда одам кам, бироқ минглаб инсонлар ҳамон ўзларининг рўйхатдан ўтказилишларини кутиб туришипти.

Шундан сўнг улар Оврўпо томон сафарларини давом эттира оладилар.

Эгей денгизида об-ҳаво кескин ёмонлашган.

Бундай об-ҳавода денгизга чиқиш ҳаёт учун ўта хатарлидир.

Қишки аёзлар бошланганига қарамасдан, кўплаб муҳожирлар Оврўпо томон сафарларидан тўхтамаяптилар.

Қочқин ва муҳожирлар сонининг кўпайиши Оврўпо иттифоқига аъзо мамлакатлар ўртасида тарангликни келтириб чиқарди.

Айрим давлатлар чегараларини сим тўр билан тўсиб чиқишга, ўз сарҳадларида назорат нуқталарини қайта ташкил қилдилар.

Ўтган ҳафта Оврўпо Иттифоқи муҳожирларга ёрдам бериш билан шуғулланадиган Frontex агентлиги ходимларининг сонини Юнонистонда кўпайтиришга қарор қилди.

Олмония шу пайтгача 3 миллиондан ортиқ қочқин ва муҳожирни қабул қилгани ҳақида эълон қилди.

Олмония муҳожирларни энг кўп қабул қилган Оврўпо мамлакати бўлган.

Аммо бу муҳожирлар орасида Болқон давлатлари фуқаролари ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Бу мавзуда батафсилроқ