Турк ширкатларига қурилиш ва сайёҳлик тақиқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 2016 йил 1 январидан Туркиядан мева-чева импорти ҳам тақиқланади.

Россия ҳукумати мамлакат ҳудудида Туркия ширкатлари фаолият юритиши тақиқланган иш ва хизматлар рўйхатини эълон қилган.

Бу тақиқ Туркияда рўйхатдан ўтган ёки Туркия фуқароси бошқарадиган ширкатларга таълуқли.

Россия ҳукуматига кўра, Туркия ширкатларининг қурилиш ва меъморчилик билан шуғулланиши, сайёҳлик фаолият юритиши ва давлат эҳтиёжи учун ишларни бажариши мумкин эмас.

Тақиқ 2016 йил 1 январидан кучга кириши мўлжалланган.

Хабар қилинишича, ушбу тақиқ шу пайтгача имзоланган шартномаларга жорий этилмайди.

Бир неча кун олдин Россия ҳукумати Туркия қурилиш ширкатлари бошлаган қурилиш ва таъмирлаш ишларини давом эттиришга рухсат берадиган қарор қабул қилган жди.

53 Туркия ширкатига Россиядаги муҳим биноларни қайта қуриш ишларини давом эттиришга изн берилган.

Россия матбуотига кўра, тақиқ жорий этилмайдиган Туркия ширкатлари 2016 йилнинг 1 январидан Россиянинг турли ҳудудларидаги қурилиш ва қайта қуриш ишларини давом эттирадилар.

Бу ҳудудлар Бошқирдистон, Татаристон, Краснодар ўлкаси, Владимир, Калуга, Москва, Нижегородский, Самара ва Тюмен вилоятлари, Ямал-Ненец мухтор ўлкаси, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари ва Россия аннексия қилиб олган Қримдир.

Москвада нашр қилинадиган "Коммерсант" рўзномаси хабарига кўра, Россияда ишлашга изн берилган Туркия ширкатлари Россия ҳукумати билан музоқ муддатли шартномаларга эга бўлган ширкатлардир.

Рўзнома бундан кейин ҳам Россиядаги фаолиятини Enka, IC Ictas, Renaissance Construction, Ant Yapi, Mebe ва Odak Group ширкатлари давом эттиришини хабар қилган.

Бу ширкатлар Москвадаги Давлат Думаси биносини, "Москва-Сити" мажмуасининг бир қисмини, Санкт-Петербург шаҳрининг Пульково аэропорти ва Қозон шаҳридаги Қул Шариф масжидини таъмирлаш билан шуғулланадилар.

Шу йил 24 ноябр куни Россия ҳарбий учоғи Туркиянинг Сурия билан чегарадош ҳудудида уриб туширилди.

Туркия ҳарбийлари огоҳлантиришларга қарамасдан, Россиянинг Сурияда жойлаштирилган ҳарбий базасидан парвоз қилган Су-24 учоғи Туркия ҳаво ҳудудини бузиб киргани ҳақида хабар қилганлар.

Россия Мудофаа вазирлиги ўз учоғи Туркия ҳаво ҳудудини бузганини рад этади.

Учоқ можароси ортидан Россия Туркияга нисбатан санкциялар киритди.

Туркия соҳилларида ҳордиқ чиқараётган россияликлар ватанига қайтишга мажбур бўлдилар, Россия ҳудудида фаолият юритаётган турк бизнесменларига босимлар бошланди.

Россия Туркиядан мева-сабзавот ва товуқ гўштлари киритилишини тақиқлади.

Туркиядан импорт тақиқи янги йилнинг биринчи кунидан кучга киради.

2016 йил 1 январидан Россия Туркия билан визасиз тартибни ҳам бекор қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ