Рус чекловлари турк иқтисодига таъсир қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rengin Arslan

Россиянинг Туркия молларига қўйган чекловлари икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларга сезиларли даражада таъсир қилмоқда, дейди Би-би-сининг Туркиядаги мухбири Селин Гирит.

Туркия ҳаво кучлари Сурия-Туркия чегарасида Россиянинг СУ-24 бомбачи учоғини уриб туширганидан сўнг, Россия Туркияга қарши қатор санкцияларни киритди.

Улар сирасига қуйидаги чекловлар киради:

  • Туркия мева ва сабзавотлари, товуқ гўшти ва туз импортига чеклов
  • Туркияга сайёҳлик чипталари савдосига чеклов
  • Туркия қурилиш копманияларининг Россияда ишлашларига чеклов (баъзи ҳолатлар истисно)

Бунинг ортидан Россияда рўйхатдан ўтган компанияларда ишловчи турк фуқароларига нисбатан чекловлар киритилди.

Шунингдек, Россия томони Қора денгиз остидан Россия газини Туркияга элтиши мўлжалланган газ қувурининг қурилишини тўхтатиб қўйди.

Иқтисодчи Эрҳан Асланўғлу фикрида, Россиянинг мазкур жазо чоралари Туркия иқтисодиётига қисқа муддатда сезиларли таъсир қилади, аммо узоқ муддатда бу таъсир сусаяди.

Унга кўра, Туркия иқтисоди камида 10 миллиард доллар йўқотади.

Россиялик кўп сонли туристлар ўтган бир неча йил давомида турк курортларида дам олишарди.

2014 йилда Туркия россиялик сайёҳлар афзал кўрадиган дам олиш масканлари рўйхатида иккинчи ўринни эгаллаган. Айни йилда 3,3 миллион Россия фуқароси Туркияда дам олган.

Иқтисодчи фаразларига кўра, бу сайёҳларни йўқотиш Туркия учун йилига 3,5 миллиард долларга тушади.

Кўплаб қурилиш лойиҳаларининг тўхтатиб қўйилишидан келадиган зарар эса 4,5 миллиард долларга тенг дея баҳоланади.

Аммо айни дамда, Асланўғлунинг айтишича, Россия Туркияга юборадиган гази кўламини чекламайди, чунки бу икки мамлакат ўртасидаги савдонинг энг катта қисмидир.

Туркияда истеъмол қилинувчи табиий газнинг 55 фоизи Россиядан сотиб олинади.

Туркиянинг ўзбекистонлик тужжорларга яхши таниш бўлган Лалели мавзесида дўкондорлар савдо сусайганидан шикоят қилишни бошлаганлар.

"Ҳозир бизга ишлаш жуда қийин бўлиб қолди. Кўплаб дўконлар ёпилди, харидор йўқ", - дейди асосан россиялик мижозларга эркаклар кўйлакларини сотадиган дўкон эгаси Наиле Чебич.

Чарм курткалар экспорти билан шуғулланадиган Ҳасан Эрин эса ўзининг 80 фоиз буюртмачилари руслар экани ва савдога катта путур кетганини айтади.

Унинг айтишича, бу кетишда у икки ойдан сўнг касодга учраши мумкин.

Турк тўқимачилик маҳсулотларига Россия чеклов киритмаган. Аммо шунга қарамай, турк экспортёртлари уларнинг моллари барибир норасмий чекловларга қурбон бўлаётганларини айтишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio