БМТ: "Сурия ҳукумати қамалдаги Мадаяга ёрдам етказиш учун рухсат берди"

Image caption Очлик

Сурия ҳукумати ўз қўшинлари томонидан июл ойидан бери қамалда қолаётган Мадая қишлоғига ёрдам киритишга рози бўлган.

Бу ҳақда БМТ мулозимлари маълум қилишган.

Мадаядаги аҳоли очликдан ўлаётгани ҳақида хабарлар тарқамоқда.

Қишлоқ президент Ассадга қарши исёнкорларнинг назорати остида экани маълум.

Дамашқдаги ёрдам ташкилотларига кўра, Мадаядаги вазият “ўта абгор”дир.

Сурияда 4 ярим миллион аҳоли чекка ва етиб бориш мушкул минтақаларда яшайди, аммо қамал остида қолаётган шаҳару қишлоқлар сони 15 та экани айтилади.

Бу ҳудудларда 400 000 аҳоли истиқомат қилади.

Мадая Ливан чегараси яқинида, пойтахт Дамашқдан атиги 25 чақирим шимолий ғарбда жойлашган.

Ассад қўшинлари ва унинг Ливандаги иттифоқчиси Ҳизбуллоҳ томонидан Мадая қарийб етти ойдан бери қамалга олинган.

Хабарларга кўра, қишлоқ аҳолисида егулик қолмаган.

БМТ 53 ёшли эркак очликдан ўлгани ва унинг оиласи ҳам егулик йўқлигидан оғир аҳволда эканига доир ишончли хабарлар бор.

Image caption Мадаялик болакай

Save the Children хайрия ташкилотининг огоҳлантиришича, “агар тез кунларда озиқ-овқат, дори-дармон ва ёнилғи ёрдами етказилмаса, Мадаяда яна ҳам кўпроқ болалар қурбон бўлиши мумкин”.

Минтақага сўнгги бор октябр ойида ёрдам етказилган, аммо қиш тушганидан бери вазият оғирлашган.

Мадаяда яшайдиган аҳоли вакилларидан бири Абдул Ваҳоб Аҳмад Би-би-си билан суҳбатда “одамлар тупроқ ейишмоқда, ўт-ўланлар, хазонлар устига қор тушди”, деб айтган.

Хабарларга кўра, қаҳатчилик мисли кўрилмаган даражага чиққан.

Бир кило қора уннинг нархи 250 долларга етган, болалар учун қуйилтирилган сут нархи 900 грамм учун 300 долларга чиққан.

Фаолларга кўра, Мадая Ҳизбуллоҳ ва Ассад кучлари томонидан атайдан қаттиқроқ қамал қилинган.

Бунга сабаб Фоаҳ ва Кефрая исёнкорлар қамали остида қолаётганидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ