Актёр Шон Пенн "Пакана" Гусман билан учрашган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ҳолливуд актёри Шон Пенн "Пакана" номи билан танилган мексикалик "бангивор қироли" Хоакин Гусмандан интервью олган.

"Пакана" Гусман 9 январ куни яна қўлга олинди.

У 2015 йил июлида қаттиқ қўриқланадиган қамоқхона бўлмаси тагидан қазилган хандақ орқали қочиб кетишга муваффақ бўлган эди.

Rolling Stone журнали хабар қилишича, наркобарон Гусман қамоқдан қочганидан кейин яшириниб юрган Мексика жунглисидаги жойида 2015 йилнинг октябрида актёр Шон Пеннга интервью берган.

10 январ куни Rolling Stone "Пакана" Гусман билан интервьюни чоп қилган.

Журнал мақоласида ёзилишича, Шон Пенн билан Гусман суҳбати етти соат давом этган.

Бу суҳбат Дуранго штатидаги жунглида бўлиб ўтган, Rolling Stone Шон Пенн ва наркобарон қўл бериб кўришган пайтидаги фотосурат остига 2-октябр санасини қўйган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу интервьюда турли мавзулар тилга олинган.

Наркобарон одамларнинг гиёҳванд моддаларга ружу қўйишида ўзининг ҳам айби борлигини рад этган.

"Агар истеъмол бўлмаганида, савдо ҳам бўлмасди", дея жавоб берган наркобарон "Пакана".

Ўз номи ошкор этилишини истамаган Мексика расмийларидан бирининг сўзларига кўра, Шон Пеннинг махфий учрашуви наркобароннинг қаерда яшириниб юрганини аниқлашга ёрдам берган.

Бундан олдин Гусман ўз таржимаи ҳоли ҳақида бадиий фильм ишланишини хоҳлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, 9 январ куни наркобарон қўлга олинганидан куни Мексика Бош прокурори Эрели Гомес эълон қилишича, қайта тутишдаги жуда муҳим жиҳат "Гусманнинг биографик фильм ишланишини хоҳлагани" бўлган.

"У терговимиз таркибий қисми бўлган актрисалар ва продюссерлар билан боғланган", деб айтган бош прокурор.

"Бангивор қироли" Хоакин Гусман 1957 йили туғилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

1980 йиллар охирида "Синалоа" наркокартелига асос солган.

"Синалоа" Мексикадан АҚШ ҳудудига ноқонуний олиб ўтиладиган жами гиёҳванд моддаларнинг тўртдан бир қисмиини назорат қилган деб кўрилади.

1993 йили қўлга олиниб 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

"Пакана" Гусман Пуенте Гранде қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонасидан кўрпа тўшаклари солинадиган қоп ичига яшириниб қочиб чиқишга муваффақ бўлади.

2014 февралида яна ҳибсга олинган.

2015 йил июлида Алтиплано қамоқхонаси тагидан қазилган лаҳмдан қочиб кетишгм муваффақ бўлган.

Наркобароннинг қамоқдан қочиб қолиши Мексика ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар совуқлашишига ҳам сабаб бўлган, Америка тарафи "Пакана" Гусманнинг ўзларига топширилишини талаб қилиб келади.

Мексика расмийлари Хоакин Гусманни АҚШга экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини айтишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ