Бир ҳовуч бойнинг мулки 99 фоизникига тенгдир

Oxfam ташкилотига кўра, дунё аҳолисининг 1 фоизи эгалик қилувчи бойлик қолган 99 фоизникига тенг экан.

Ташкилот "Credit Suisse" тадқиқотлар марказининг октябр ойги ҳисоботида келтирилган маълумотларга таянади.

Шунингдек, Oxfam ҳисоб-китобларидан дунёдаги энг бадавлат ҳисобланган 62 шахсга тегишли бойлик ер шари аҳолиси ярми ҳисобланган қашшоқлар жами мол-мулки билан баравар экани англашилади.

Ташкилот лоббистлар фаолияти ва солиқлардан ҳоли мамлакатларда пул сақлаш амалларини танқид қилган.

Хайрия ташкилоти ер юзи аҳолисининг 1 фоизи қолган 99 фоиздан узиб кетиши ҳам мумкинлигини башорат қилади.

Кимлар 1% таркибига киради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Ҳисоб-китобларга кўра, $68,800 (£48,300) қийматга эга мол-мулкка эга бўлганлар 10% бойлар сирасига киради.

1% таркибида бўлиш учун $760,000 (£533,000)лик бойлигингиз бўлиши керак экан.

Демак, Лондонда ўртача нархдаги турар-жойга банкдан ҳеч қандай қарзларсиз эгалик қилсангиз, буюк эҳтимол билан 1% бойлар сафидасиз.

Аммо, рақамлар анчайин эҳтиёткорлик билан келтирилади. Мисол учун, ўта бойлар борасидаги маълумотларни қўлга киритиш ниҳоятда қийин.

Глобал ҳисоботдаги рақамларни ҳам 100 фоиз тўғри деб бўлмайди. Чунки, баъзи мамлакатлардаги бойлик даражасини аниқлашнинг ўзи имконсиздир.

Oxfam 62 нафар ўта бой шахснинг бойлиги бугун ер шари аҳолиси 50%иникига тенг эканини айтаркан, бу мисли кўрилмаган бойлик эканини урғулайди.

2010 йилда бундай бойликка эга бўлганлар сони 388 нафар бўлган.

'Нотенгликка қарши курашинг'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳисоботда: "Барча учун, келажак авлод ва бутун сайёра истиқболига хизмат қилувчи иқтисод ўрнига биз 1%га ишловчи иқтисодни яратганмиз", дейилади.

Credit Suisse ўз тадқиқотлари давомида 2000-2009 йиллар 1% аҳолига тегишли бойлик даражаси тушиб борганига гувоҳ бўлган. Аммо, 2009 йилдан бери бу рақам яна кўтарилиб борган.

Oxfam мамлакатлар раҳбарларини нотенгликка қарши чора-тадбирлар олишга чақиради.

Ташкилот ишчиларга рисоладагидек турмуш кечириш учун етарли маош тўланиши ва амалдорлар билан ўртадаги фарқлар камайтирилишини истайди.

Шу билан бирга, эркак ва аёллар маошлари ўртасидаги нотенгликка ҳам барҳам беришига ундайди.

Аёлларнинг ерга ва меросга эгалик ҳақлари тенг бўлиши кераклигини айтади.

Oxfam дунё давлатлари раҳбарлари лоббистларга қарши чоралар кўриш, дори-дармонлар нархлари пайсайтирилиши, солиқлар мувозанатга келтирилиши тарафдоридир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ