Хитой иқтисоди энг паст нуқтага тушди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Хитой расмийларининг иқтисод ўсиши ҳақидаги рақамлари не қадар ишончли?

Хитой иқтисоди 2015 йил мобайнида атиги 6.9% га ўсган. Бу охирги 25 йил мобайнидаги энг паст кўрсаткич дейилмоқда.

Охирги йилларда Хитой иқтисоди бутун жаҳон иқтисоди ўсишининг белгиси сифатида кўриларди.

Баъзи таҳлилчилар мамлакатдаги иқтисодий ривожланиш расмийлар айтаётганидан ҳам пастроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Аммо Пекин рақамларни "бўртириб" кўрсатаётганини рад этади.

Хитой иқтисоди биз учун нимаси билан аҳамиятли?

Албатта иқтисод ўсиши мамлакат аҳолиси учун муҳим. Янги иш жойлари, кўпроқ маош деганларидек. Лекин Хитойдан ташқаридаги давлатлар учун таъсири қандай?

Хитой иқтисоди охирги йилларда кўплаб бошқа иқтисодлар учун муҳим омилга айлаган.

Хитой иқтисоди ҳатто "жаҳон иқтисоди двигатели" деган лақаб олган.

Масалан, Оврўпо ёки Япониядаги машина ишлаб чиқарувчи корхонада ишласангиз ва Хитой асосий харидорлардан бири бўлса, шунингдек жаҳоннинг ҳар қандай нуқтасидан кўплаб миқдорда сотиб олаётган товарлар туфайли хитойлик ўрта ҳол харидорнинг чўнтагида қанча пул борлиги сиз учун аҳамиятли бўлади. Африкадаги лойиҳалар учун хитойлик сармоядорларнинг қанча сарфлашлари ва ҳоказолар туфайли ҳам Хитой иқтисоди муҳимдир.

Шундай экан Хитой иқтисоди кўрсаткичлари не қадар ишончли?

Ҳар уч ойда Хитой Ялпи Йиллик Ички маҳсулот рақамларини эълон қилиб боради. Бу рақамлар аввалги йилги рақамлар билан солиштирилади.

Лекин ҳар гал рақамлар эълон қилинган вақти шубҳа-гумонлар ҳам пайдо бўлади.

Иқтисод ўсишини шунчаки ишлаб чиқарилган маҳсулот ва кўрсатилган хизматлар миқдори билан ўлчаш қийин албатта.

Image caption Иқтисод ўсишини ишлаб чиқарилган маҳсулот билан ўлчаш керакми ё иш ўринлари миқдори билан?

"Рақамларни ошириб кўрсатиш уриниши борлигини биламиз. Бу сиёсий қадам. Ўсиш расмий 7% га яқин эканлигини кўрсатиш хоҳиши кучли албатта", дейди Ҳонг-Конглик таҳлилчи Питер Черчхоуз.

Ўсиш кўрсаткичи ҳеч қачон 100% аниқ эмасдир, лекин ривожланаётган давлат сифатида Хитойда маълумот йиғиш жараёни ҳам "ривожланиш" босқичида.

"Рақамларни "силлиқлаштириш" сиёсий уриниш бўлиши мумкин, лекин бу рақамларни аниқлик билан йиғишнинг ўзи мушкул вазифа", дея тушунтиради Пекиндаги Иқтисод тадқиқот марказидан Том Раферти.

Иқтисод ўсиши рақамлари ҳар бир вилоятдан йиғилади, марказнинг "бўртириш" уринишларидан аввал маҳаллий "бўртиришлар" ҳам борлиги айтилади.

Ҳозирда ривожланган мамлакатларда иқтисод ўсишини ўлчашда ишлаб чиқарилган маҳсулот эмас, кўпда иш ўринлари ва аҳоли даромади асосий кўрсаткич қилиб олинмоқда. Аммо Хитой мисолида бу каби рақамлар чоп этилмайди ёки улар ҳам ишончсиз.

Лекин ўсишни белгилашнинг бошқа "кичикроқ" белгилари ҳам бор.

"Масалан, савдо-сотиқ рақамлари ҳар ойда эълон қилинади. Дейлик, кино чипталари не қадар сотилгани, мобил телефон ва Интернетдан қанча фойдалангани ҳақида "миттигина" маълумотлардан "каттароқ" хулосаларни чиқаришимиз мумкин. Айнан ана шу маълумотларга биз охирги вақтлар ўз таҳлилларимизда кўпроқ эътибор қаратмоқдамиз", дейди таҳлилчи Том Раферти.

Хуллас...

Ялпи Ички Йиллик маҳсулот кўрсаткичи ишончсиз бўлса иқтисод аҳволи ҳақида ишончли кўрсаткич нима?

Хитой расмийлари чоп этаётган рақамлар нақадар шубҳа уйғотмасин, онда-сонда жаҳон иқтисодини "ларзага" солиб тураётгани аниқ.

Шундай экан, кўплаб таҳлилчилар расмий Пекин рақамларига эҳтиёткорлик билан ёндошиб, айни ҳолда жаҳоннинг иккинчи йирик иқтисодидаги асл манзарани аниқлаш бобида ҳам чекланган имкониятларга эгалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio