Аёл эрига гап қайтарса, нима қилиш керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Қўшни афғонистонлик аксариятнинг фикрича, бундай аёлнинг эри томонидан калтакланишига қарши эмаслар.

Уларнинг айтишларича, турмуш ўртоғининг гапига кирмаган ва унинг қарорига қарши чиққан аёлнинг калтакланиши мақбул ишдир.

Бунда Афғонистонда ўтказилган янги сўров натижалари далолат қилган.

Сўров Афғонистондаги Тадқиқ ва текширув маркази томонидан олиб борилган.

Сўров жараёнида пойтахт Кобул, шимолий Тахор, шарқий Нангархор ва марказий Бомиён вилоятларида тўрт юз кишининг фикри ўрганилган.

Устига устак, сўров иштирокчиларидан тенг ярми хотин-қизлар бўлишган.

Сўнгги сўров натижалари бутун Афғонистон бўйлаб хотин-қизларга қарши турли кўринишдаги зўравонликлар кучайиб бораётган бир манзарада ўртага чиқмоқда.

Шу дам олиш кунларида Фарёб вилоятида ёшгина жувоннинг эри оилавий жанжал устида унинг бурнини кесиб ташлаган.

Бу каби машъум ҳодиса эса, Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий, шимолий-шарқий минтақаларида бу яқин йиллар ичида кузатилмаганди.

Сўнгги бир неча ойнинг ўзида пойтахт Кобул ва марказий Ғўр вилоятлари ҳам шунга ўхшаш зўравонликларга гувоҳ бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кобулда Фархунда исмли ёшгина аёл "Қуръонни ёққанлик", даъвоси билан оломон томонидан калтаклаб ўлдирилган ва сўнгра ёқиб юборилганди.

Ғўрда эса, зино қилишда айбланган 19 ёшли Руҳшона маҳаллий аҳоли томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилганди.

Айбдорлар эса, ҳануз лозим даражада жазога тортилмаган ва бу, ойларки, аксарият маҳаллий фаолларнинг жиддий норозиликларига сабаб бўлиб келади.

Ўз бошқарувининг шафқатсизлиги билан ном чиқарган Толибон тузуми қулатилишидан 15 йил ўтиб, қўшни Афғонистон юз бераётган бу каби ҳодисалар бугун халқаро ҳамжамиятни жиддий хавотирга солмай қўймаган.

Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, афғон хотин-қизларига қарши мудҳиш зўравонликлар, муайян маънода, Ғарбнинг Афғонистонга оид сиёсатининг муваффақиятсизлигига далолат қилади.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, хотин-қиз вазирлари ва парламент вакилларининг сони бўйича Афғонистон минтақа пешқадам мавқеъга чиқиб улгурган эса-да, амалда аксарият афғон аёллари ўзларининг энг оддий ҳуқуқлари ҳимоясига ҳам имконсиз бир аҳволдалар.

Афғон хотин-қизлари ҳуқуқларининг кафолотида муҳим ўрин тутиши кутилган ва 2009 йилда қабул қилинган махсус қонун эса, қайта парламент муҳокамасига қўйилган.

Орадан икки йилдан ортиқроқ вақт ўтаётган эса-да, бу муҳокамалар ҳануз ўзининг якуний бир натижасини топмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Худди шу манзарада бутун Афғонистон бўйлаб хотин-қизларга қарши турли кўринишдаги маиший зўравонлик ҳоллари ортиб бормоқда.

Жамиятда эркакларнинг устунлиги, мавжуд урф-одатлар, иқтисодий аҳволининг ночорлиги ва чуқур илдиз отган порахўрлик ҳоллари эса, афғон аёлининг қонуний ҳимояга бўлган сўнгги умидини ҳам деярли йўққа чиқарган.

Бу каби ҳолат, устига устак, Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати уларнинг ҳар томонлама фаолликларини жиддий ошириш ваъдаси билан қудратга келган бир манзарада кузатилмоқда.

Афғонистон аҳолисининг ярмига яқинини эса, айнан хотин-қизлар ташкил этишади.

Аммо улардан аксарияти Афғонистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилишади.

Агар, янги сўров натижаларига таянилса, бугун Афғонистондаги кўпчилик эркакнинг кучли бўлишини афзал билади.

Рўзғорнинг харажатларини таъминлашни - эрнинг зиммасидаги вазифа, деб билади.

Худди шу манзарада аксарият сўров иштирокчиларининг наздларида аёлнинг ўрни уйда ва унинг фақат рўзғор юмушлари билан банд бўлгани маъқул.

Афғон халқи орасидаги бу каби кайфият сўров муаллифлари ўзларини ҳам ташвишга солмай қўймаган.

Сўров натижаларини ўрганиб чиқиши ортидан, Афғонистон Тадқиқ ва текширув маркази миллий бирдамлик ҳукуматини одамларнинг онгини ўзгартириш учун жадаллик билан лозим чоралар кўришга даъват этган.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан, бутун Афғонистон бўйлаб толибларнинг қайта фаоллашишга муваффақ бўлиши эса, афғон хотин-қизларининг аҳволлари бундан-да ёмонлашади, деган хавотирларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Айрим ғарблик таҳлилчиларга кўра, айнан оила ва иш жойларида уларга нисбатан шафқатсиз муносабатнинг сақланиб қолаётгани ўзларидаги бу каби қўрқувларга замин яратган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ