Путиннинг бойлиги қанча?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Путин ўзининг бойлиги ҳақидаги гапларни "сафсата" деб атаган

АҚШ ҳукуматига кўра, Россия Президенти Владимир Путин коррупцияга ботган ва ўзининг ҳақиқий бойлигини ўта махфий сақлайди.

Би-би-сининг "Панорама" дастурида АҚШ Молия вазирининг ўринбосари Адам Шубин ана шундай баёнот берган.

"Панорама" олиб борган журналистик тадқиқот натижаларига бағишланган дастур Буюк Британияда душанба куни кечқурун намойиш этилган.

"Мен рақамларни айтишга тайёр эмасман, лекин айтишим мумкинки, у (Путин) давлатдан йилига 110 минг доллар атрофида маош олади. Аммо бу рақам унинг бойлигини тўғри ифодаламайди. У ўзининг ҳақиқий бойлигини яширишда катта тажрибага эга", - деб айтган Шубин.

Би-би-сининг "Владимир Путин коррупцияга аралашганми?" деган тўғридан-тўғри саволига АҚШ мулозими "ҳа" деб жавоб берган.

Унинг сўзларига кўра, Россия президентининг коррупцияга алоқадорлиги АҚШ ҳукуматига "узоқ йиллардан буён" маълум.

Россия расмийлари Путиннинг бойлиги ҳақидаги баёнотларни "бемаъни" дея рад этишади.

'Туҳмат'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

(Айни пайтда Россия президенти Владимир Путин ноқонуний орттирилган бойликларни давлат ҳисобига мусодара қилиш амалларини фаоллаштириш кераклигини айтган.

"Шунақа антикоррупция механизми яратилиши керакки, ноқонуний йўллар билан тўпланган бойлик, шубҳали маблағлар тортиб олиниши ва давлат ҳисобига ўтказилиши керак", деб айтган Путин коррупцияга қарши президент Кенгашининг йиғинида.)

Россия раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков Би-би-си мухбирининг "бемаъни саволлари"га жавоб беришдан бош тортган.

Аммо кўрсатув эфирга узатилганидан кейин муносабат билдирган жаноб Песков уни "ўйдирма ва туҳмат" деб атаган.

"Би-би-си материалининг мазмунига келсак, бу ҳеч қандай асосга эга бўлмаган уйдирма ва туҳматдан бошқа нарса эмас", - деб айтган жаноб Песков.

Image caption Адам Шубинга кўра, Путиннинг коррупцияга ботгани АҚШга анчадан буён маълум

Унга кўра, АҚШ Молия вазирлигининг кўрсатувда янграган баёноти "далилларни тақозо қилувчи расмий айблов, аммо Москва далил талаб қилмайди".

"Биз АҚШ Молия вазирлигидан далиллар тақдим этишни талаб қилмаймиз. Агар улар бу каби баёнотни далилсиз қолдиришса, унда бу яна ўша идоранинг обрўсига соя солади", - деб айтган Путиннинг сўзчиси.

Би-би-си мухбири бир вақтлар Владимир Путиннинг яқин атрофида бўлган ёки унинг ишлари билан шуғулланиб, кейинроқ турли сабаблар билан Россияни тарк этган шахслар билан ҳам учрашган.

Уларнинг қаторида Таллинда яшаётган ишбилармон Сергей Колесников, банкир Сергей Пугачёв, собиқ терговчи Андрей Зыков, Путин билан Петербургда бирга ишлаган ва ҳозирда Нью-Йоркда яшаётган тадбиркор Макс Фрейзон ва бошқалар бор.

Уларнинг ҳаммаси Россия президенти мисли кўрилмаган даражада бой эканини айтишган.

40 миллиард доллар?

"Панорама" журналистлари АҚШ Марказий жосуслик бошқармаси - МРБнинг ҳисоботидан ҳам иқтибос келтиришган.

Унда Путиннинг бойлиги 40 миллиард доллар деб баҳоланган.

Россиялик сиёсатшунос Станислав Белковский ҳам ўз манбаъларига таянган ҳолда Путиннинг бойлиги 40 миллиарддан кам эмаслигини айтади.

Унинг сўзларига кўра, Путин Россия ва хориж, жумладан, Испанияда қимматбаҳо кўчмас мулкларга эгалик қилади.

Путиннинг ўзи ушбу даъволарни рад этади.

"Бу бир сафсата. Ҳаммасини бурунларидан олиб, қоғозларига суртишган", - деган Путин 2008 йилда журналистларнинг бу ҳақдаги саволларига жавоб бера туриб.

Би-би-си мухбирлари суҳбатлашган шахслар Россия президентининг бойлиги қисман йирик ишбилармонлар хайрия қилган маблағлардан ташкил топганини айтишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/ bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio