Швеция 80000 қочқинни қайтариши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қочқинлар

Швеция 80000 га яқин қочқинларнинг аризаларини рад этиши ва мамлакатдан чиқариб юбориши мумкин.

Бу ҳақда Швеция Ички ишлар вазири маълум этган.

Андерс Игеманга кўра, муҳожирларни жўнатиш учун чартер йўналиш учоқлардан фойдаланилади, аммо бунинг учун бир неча йил керак бўлиши мумкин.

2015 йилда Швециядан бошпана сўраб 163000 муҳожир мурожаат қилган, бу эса Оврўпода аҳоли сонига нисбатан энг йирик кўрсаткичдир.

Шу йил Швеция ўз чегараларида назоратни кучайтирар экан, қочқинлар сони сезиларли равишда озайган.

Швеция Олмония каби Оврўпо Иттифоқига ноқонуний кириб келаётган муҳожирлар учун асосий давлат саналади.

Ўтган йил қарийб 60 000 муҳожирлар бошпана сўраган, улардан ярмидан кўпига Швецияда қолиш рухсати берилганди.

Швеция жамоатчилигини шу ҳафта бошларида рўй берган зўравонлик ларзага солган эди.

Полиция 22 ёшли қочқинлар маркази ходимасини ўлдиришда гумон қилинаётган 15 яшар муҳожирни ҳибсга олган.

Хабар қилинишича, Швециядан бошпана сўраб мурожаат қилган ўсмирлар билан ишлаган аёл пичоқланиш натижасида олган жароҳатларидан шифохонада вафот этган.

Швеция Муҳожирлик агентлигининг раҳбарларидан бири Микаэл Риббенвикга кўра, барча муҳожирларнинг аризаларини кўриб чиқиш жуда катта меҳнат талаб қилади ва ҳукумат кўпроқ молия ажратиши керак бўлади.

Юнонистон танқид қилинди
Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Юнонистон

Ўтган йил бир миллиондан ортиқ қочқинлар ва муҳожирлар Оврўпога киришган.

Уларнинг аксарияти Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги урушлардан қочган муҳожирлардир.

БМТга кўра, шу йилнинг ўзида Юнонистонга 46000 қочқин келган, улардан 170 дан ортиғи денгизга чўкиб кетган.

Чоршанба куни Оврўпо Комиссияси Юнонистонни Шенген ҳудудида чегараларни назорат этишга доир ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаяпти деб танқид қилди.

Шенген шартномаси Оврўпо Иттифоқига аъзо аксарият давлатлар ўртасида ички чегараларни деярли бекор қилиб, Оврўпо бўйлаб паспорт кўрсатмасдан эркин ҳаракатланиш имконини таъминлайди.

Бироқ ўтган йилнинг 13 ноябрида 130 инсон умрига зомин бўлган Парижга жиҳодчилар ҳужуми Шенген ҳудуди қоидаларига бошқача назар ташлашни талаб қилди.

Ҳужумчиларнинг Франциядан Белгияга осонгина ўтиб кетишлари факти, шунингдек, бир қанча ҳамфикрлари Оврўпога Юнонистон орқали муҳожирлар кўринишида кириб олишлари катта хавотирни пайдо қилди.

Аксарияти сурияликлар бўлган бир миллиондан ортиқ қочқинлар оқимининг Оврўпога кириб келиши ҳам Шенген шартларининг қанчалик мақсадга мувофиқлигини савол остига қўйди.

ОИ мамлакатлари бирин-кетин вақтинчалик чегара назоратини кирита бошладилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ