"Қизларни қутқаринг!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи iStock

Агар зўравонлик жинояти оилада содир этилса, тўрт ҳолатдан учтасида жабрланувчи- аёл экани англашилади. Россия Ички Ишлар вазирлиги сўнгги маълумотлари кўрсатишича, бу каби расман рўйхатга олинган жиноятлар тобора кўпаймоқда.

2014 йили уларнинг сони 30,6 мингтани ташкил қилган, бу олдинги йилга нисбатан 10 фоиз кўпдир.

Елена(исми ўзгартирилган) ўзининг фуқаролик эри билан 13 йил яшаган. Унинг сўзларига кўра, эри унга "қўл кўтарган" ҳолатлар учраган, лекин ҳақиқий даҳшат у эридан кетганидан кейин бошланган.

"Мен ҳатто эшикни очишга қўрқардим, чунки у шу яқин-атрофда, подъезд олдида эканини билардим. У менга кислота сепиб юбориши мумкин, деб қўрқардим. У менга дўқ қилар, қўрқитар: "Сени ўлдираман, сўйиб кетаман", дерди.

Ҳар куни маст эркак унинг ота-онаси уйи эшигини бузиб киришга уринар, лекин ҳар сафар жарима тўлаш билан қутулар эди. Икки йилни Елена шу тариқа, деярли уйдан чиқмай ўтказди. Нормал ҳаётга эридан яшириниб, бошқа шаҳарга кўчиб ўтганидагина эришади.

Ўша пайтда, у ота-онаси уйида қамалиб ўтирганида, ижтимоий тармоқларда бошқа шу каби жабрланган аёллар билан мулоқотда бўлади.

Қачонки зўравонлик қурбонлари қонун билан ҳимояланганларини ҳис қилмас, вақти келганда одамлар, ҳатто ўз яқинларининг муҳокамасига сабаб бўлар экан, ўзи каби ҳолатга тушган бегона одамлар билан мулоқот уларга қимматли руҳий рағбатни бериши, кўнглини кўтариши мумкин.

Эридан яширин

"Қизлар, ёрдам беринглар. Бу юрак нидоси. Мен ҳамма нарсадан совудим. Ўз-ўзимни ўлдириш фикри хаёлимдан кетмай қолди. Дардимни ҳеч кимга айтолмайман, юрагимни бўшатолмайман",- деб ёзади оиладаги зўравонликдан жабр кўрган аёллардан бири.

"ВКонтакте"ижтимоий тармоғида оилавий зўравонликка бағишланган бир неча гуруҳлар бор. Улар кўпроқ қатнашувчиларни жалб қилишни мўлжаллаган бўлсалар-да, аёлларнинг ўзини яна хавфга рўбарў қилиши, уларда алами борлар ва интернет троллар олдида ҳимоясиз қилиб қўйиш хавфи ҳам йўқ эмас.

Шунинг учун шахсий тажриба билан алмашиш ёпиқ гуруҳларда юз беради.

Охирги йиллар "ВКонтакте"тармоғида Челябинск шаҳрилик Юлия(фамилияси унинг илтимосига кўра айтилмайди)нинг оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга ёрдам бериш гуруҳи ҳамфикрлари кўпайиб бормоқда. Бундан уч йил олдин Юлия ўзига яқин инсон оилавий зўравонликка дуч келганидан сўнг шундай гуруҳ тузишга қарор қилган.

"Мен оиласидаги қийинчиликларни билгач, унга ёрдам қўлини чўзишни истадим. Уни ушбу гуруҳга таклиф қилдим, бу ерда унинг вазиятига тушиб қолган бошқа аёлларни кўриб, қийинчиликлардан ўтиб олишини хоҳладим",- ҳикоя қилади у.

Гуруҳ очиқ бўлганда, шундай эркаклардан бири унга кириб қолиши, хотинининг айтганларини ўқиб, аҳвол янада мураккаблашиши мумкин, дейди "ВКонтакте"даги гуруҳни тузган Юлия.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Айни пайтда гуруҳнинг 300 аъзоси бор. Ҳар бир қатнашчи танлаб олинган. Юлиянинг сўзларига кўра, у ариза берган аёлларнинг саҳифаларини синчиклаб кўриб чиқади, унга ростдан ҳам ёрдам кераклигини билиш учун у билан ёзишади, эркаклар эса гуруҳга атайлаб яқинлаштирилмайди.

"Мен ортиқча одам гуруҳга кириб келмаслиги учун, уни атайлаб ёпиқ қилдим, яъни фақат мақсадли аудитория бўлсин. Агар гуруҳ очиқ бўлса, шундай аёлларнинг бирини эри кириб олиши ва аёлнинг ҳаёти яна ҳам мураккаблашиб кетиши мумкин", тушунтиради у.

Аламзада эркак аёлнинг ёзишмаларини қандайдир тарзда кузатишини олдини олиш мақсадида, аёллар сохта аккаунтлар ёки ўзлари жуда ишонган кишиларнинг саҳифаларидан фойдаланишади.

Мана бу гуруҳда аёллар томонидан айтилган ҳикоялардан баъзилари:

"Туғилган куним мен учун калтаклашлар куни, бу кунни кўргани кўзим йўқ,- деб ёзади бир аёл. - Бир ой олдин эрим мени сал қолди сўйиб қўярди, агар қизим келиб қолмаганда ўлдириши аниқ эди. Менинг бошим унга футбол коптоги, ҳатто ҳомиладорлигимда ҳам роса дўппосларди. Қочиб кетмаслигим учун умуман пул бермайди".

Гуруҳдаги ҳомиладор аёлларда доим хавотир мавжуд. Чунки уларни эрлари боқади, дейди Алена Садикова.

"Охирги 5 йилда у мени доимо ҳақорат қилиб келади ва дуч келган нарсани отади", деб ўз дардини бўлишади касалманд бошқа бир қатнашчи. "Мени тепади, юзимга уради, тувакни отади, пул бермайди".

"Бизда банк қарзи менинг номимда. Икки сессиядан кейин ўқишни тугатаман. Тўлаш керак. Мен унга молиявий қарам эканимни билиб, хоҳлаганини қилади. Болалар олдида бақиради, улар қўрқиб йиғлашади, кейин эса эрим ҳамма каби кечирим сўрайди", деб хабар беради яна бир аёл.

Гуруҳ аъзолари орасида ўз йўлини топганлар ҳам кўпчилик. Улар аёлларнинг ёзганларига изоҳ қолдириб, баъзилари эрларидан ажрашишни маслаҳат беришади, шунингдек, профессионал ёрдам олишни ҳам айтишади.

"Уйдаги жанжал"

Юлиянинг фикрича, аёллар эрининг ва шеригининг зўравонлиги ҳақида кундалик танишлари олдида айтаверишмайди. "Яқинларига айтишни хоҳлашмайди. Уларнинг раҳмини келтиришни исташмайди ёки ўзларини ожиз қилиб кўрсатгилари келмайди. Лекин бир кун келиб ҳаммаси ошкор бўлади. Бегона одам билан хоҳлаган нарса ҳақида гаплашишлари мумкин, менинг назаримда", дейди у.

Ижтимоий тармоқларда мен буни бошқалар билан ўртоқлашишим мумкин. Қандай маслаҳат берганимни айтишим мумкин. Ва қандайдир мулоқот бўлади, бу жуда муҳимдир, дейди оилавий зўравонликдан жабр кўрган Елена.

Бизнинг қаҳрамонимиз Елена икки йил уйда қўрқувда ўтирганида ким биландир мулоқот қилиши зарур бўлганини айтади. Унинг сўзлашича, шу пайтгача унинг муваффақиятли карьераси бўлган. Қўрқувда уйда ўтириб қолганда у учун бутунлай бошқача вазият бошланган, бу унинг руҳий аҳволини оғирлаштирган холос.

"Мен доим ишлашга ўрганган, шунинг учун доим пулим бўлган. Бу жуда оғир. Худди қамоқдаги каби ўтирасан, ҳеч қаерга чиқолмайсан. Мен ҳеч ким билан дардимни бўлишолмасдим-танишлар, дўстларим билан. Ижтимоий тармоқларда эса буни айтишим, менга ёзишлари, маслаҳат беришлари мумкин, мен қанақадир маслаҳатлар бераман. Яъни, қандайдир мулоқот бўлди, бу жуда муҳим", ҳикоя қилади у.

Еленанинг сўзларига қараганда, у ўз ҳаётини ўзгартириб, бошқа шаҳарга кетишни ўзи хоҳлаган, ижтимоий тармоқлардаги маслаҳатлар эса уни қабул қилишга туртки бўлган. Худди шундай ҳолат шу гуруҳ тузилишига сабаб бўлган Юлиянинг яқин таниши ҳаётида ҳам рўй берган.

"Бу узоқ давом этди. Бошқа аёллар ёзганидек, мен бунга қарор қилдим ва ҳозир мен учун ҳаммаси яхши, дейди у. Менинг фикримча, бундай гуруҳлар нима бўлганда ҳам фойдали, аёлларга таъсир қилади, уларни ўзларига ишонтиради, аёллар бу ҳаётда мустақил яшай олишларига ишонтиради, куч беради".

"Илоҳий рақам"

Гуруҳдаги ёзишмаларда ҳақиқатдан шундай манзарани кўриш мумкин: аёллар олдинига фарзандлари учун кетолмаслиги, уларни яхши кўриши ёки қаерга кетишини билмаслигини ёзадилар. Бироқ кейинчалик бутунлай бошқача мазмундаги хабарлар пайдо бўла бошлайди.

"Мен бир ойдан бери оқимдаман. Шу бир ой ичида мен бахтни ҳис қилдим, елкамда қанот пайдо бўлди, куч ва бахтга интилиш пайдо бўлди! Мен бу қадамни қўйдим, мен қўрқув ва эримнинг жазосидан хавотирни енгиб ўтдим! Мен КЕТДИМ!!!- деб ёзади мисол учун бир қатнашчи декабр ойида.

Бироқ бошқа тоифадагилар ҳам борки, бундай қадам қўйишдан қўрқишади. Эридан кетса, болаларини боқолмаслигини айтишади. Шунинг учун барча ҳақорат, калтаклашларга чидашга қарор қилишади. Ундайлар эрларисиз яшолмасликларини айтишади.

Аёллар қанча узоқ зўравонлик остида яшасалар, шунча кўп ундан кетишлари қийин, дейди "Китеж" зўравонлик жабрдийларига ёрдам маркази директори Алена Садикова. Унга кўра, бундай аёллар ўз зўравонларига руҳан қарамдирлар.

Марказда шундай воқеалар ҳам бўладики, ёрдамга жуда муҳтожлар охир-оқибат умуман келмай қўя қолишади.

"Қачонки аёллар узоқ муддат оилавий зўравонлик ҳолатида бўлиб келса, у оилани тарк этиши учун умуман манба бўлмайди, у ўзини бошқача яшашини тасаввур қилолмайди", тушунтиради Садикова. - Халқаро статистика кўрсатишича, аёлларнинг оилага қайтишларининг ўртача сони етти, шундай илоҳий рақам. Етти марта аёл эрини кечиради, лекин бундай оилалар орасида зўравонлик ҳолатлари ўлимга ҳам олиб бориши учрайди".

Ким кимни ўлдиради?

Россияда оилавий зўравонлик бўйича расмий маълумотлар турлича ва аниқ рақамларни олиш имконсиз.

Россияда ҳар йили эрлари ва шериклари томонидан 14 минг аёл ҳалок бўлиши ҳақидаги маълумотлар 1990 йиллардан бери айтилади. Улар қанчалик ҳақиқатга тўғри келишини аниқлаш имконсиз. Аммо аёлларга нисбатан зўравонлик вазиятининг бошқача кўриниши ҳам бор.

"Ҳар йили қанчадир аёл кўп йиллик калтаклашларга чидолмаган аёллар қамоқларда ўтиришади. Уларда буткул бефарқлик ҳолати юзага келади: ўзларини ҳимоя қилиш учун пичоқни олиб эрларини ўлдиришади", дейди Садикова.

Москвалик Татьяна Кулакованинг иши катта шов-шувга сабаб бўлган эди. 2014 йил сентябрда ўзи ва болаларини наркоман эридан ҳимоя қилиш учун ошхона пичоғи билан унга ҳалокатли зарба етказади. Бунгача аёлнинг бадани калтаклардан мўматалоқ бўлиб кетган бўлса ҳам уни тўрт йилга "қасддан оғир тан жароҳати етказган"и учун қамалади.

Оммавий ахборот воситаларидаги қизғин муҳокамалар таъсирида ўтган йил августида Кулакова "Ўзини ҳимоя қилиш учун оғир тан жароҳати етказиш" бандига алмаштирилиб, Ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан амнистияга туширилади.

Эри томонидан зўравонлик қурбони бўлган аёллар сони қанчалиги аниқ маълум бўлмасада, ўтган ярим йилликда 18 минг шундай жиноятлар рўйхатга олингани маълум. Бу 2014 йилга нисбатан 11 фоизга кўпдир.

Россия Ички Ишлар вазирлиги оилавий кўнгилсизликларни олдини олиш бўйича доимий иш олиб борилаётганини айтади. Бироқ бу борада содир бўлаётган воқеалар ҳуқуқ фаоллари ва халқаро ташкилотларда хавотир уйғотади. БМТнинг аёлларга нисбатан камиситишлар олдини олиш қўмитаси Россия ҳукуматини оилавий зўравонлик қурбонлари бўйича статистика аниқ эмаслигини танқид қилган.

"Қўмита ҳамма ҳолатларда полицияга мурожаат қилинмаслиги, бу шахсий иш деб билишлари, жабрланганларни ҳимоя қилиш ва яшириш марказлари етарли эмас", дейилади ҳисоботда.

Инқироз марказларидаги қарама-қаршилик
Image caption Алёна Садикова раҳбарлигида "Китеж" маркази 2015 йил баҳорида иш бошлаган.

Россияда оилавий зўравонлик қурбонлари ва жабрдийларига ёрдам кўрсатувчи давлат ва хусусий инқироз марказлари бор. Россия Меҳнат вазирлигига кўра, 2013 йилда бутун мамлакат бўйлаб 21 та марказ фаолият олиб борган.

"Китеж" маркази 2015 йил баҳорида иш бошлаган. Новомосковскдаги бу марказ черков ҳовлисида жойлашган. Қийин аҳволда қолган аёллар болалари билан шу ерга олиб келинади. "Ростелеком" марказни молиявий таъминлайди.

"Китеж" диретори Алена Садиковага кўра, аёллар олдинига уч кунга қабул қилинади. Бошқалар билан бирга овқатланиб, тозаликни сақлаб турса, яна уч ойга қолдирилади. Бу вақтда у ўзининг юридик муаммоларини ҳал қилиб олиши мумкин. Бироқ марказда бундан ортиқ ушлаб туришмайди. Марказдагилар айтишича, уларнинг вазифаси аёлларга энди қандай ҳаракат қилишга ёрдам бериб юбориш, уларни ушлаб боқиб ўтириш эмас.

Марказнинг бошқаларидан фарқи аёлларнинг миллати ва фуқаролиги ва қаерда рўйхатдан ўтганлигидан қатъи назар қабул қилинади. Давлат марказларининг хизмати кўплар учун имконсиз. Уларда рўйхатга олишдан ташқари, оиланинг даромади, калтакланишлар ҳақида тасдиқловчи ҳужжат сўрашлари мумкин. Баъзида аёллар ҳеч нарса олмай, уйидан қочиб чиқиши мумкин. Яна шундай аёллар борки, дейди Садикова, бошқа шаҳарга турмушга чиққан, бу ерда қариндошлари йўқ. Эри йилларки уни рўйхатдан ўтказмай, "сени хоҳлаган пайт ҳайдашим, кўчада қолишинг мумкин", деб қўрқитиб келган.

Полиция нима қилади?
Image caption "Китеж"да аёллар мана бу тақинчоқларни ясашади. Кўнгилга малҳам бўлишидан ташқари бу иш яхшигина даромад ҳам келтиради.

"Китеж" маркази тажрибасида фақат бир аёл ишни судгача олиб борган. Унинг эри ҳам амнистия муносабати билан очиққа чиққан, аёл яна эридан яширинишга мажбур.

"ВКонтакте" тармоғидаги мулоқотлардан англашиладики, аёллар полицияга мурожаат қилишни маслаҳат беришади. Бироқ жуда кўп ҳолларда бу ёрдам бермади, деган изоҳларни учратиш мумкин.

"Биз нималар қилмадик,- дейди Елена. - Мен ота-онамникига кетганимда, биринчи кунданоқ эрим келиб эшикни бузган. Кунига уч мартадан полиция чақирганмиз. Бир марта уни ушлаб олиб кетишган, эртасига қўйиб юборишган. Улар фақат жарима ёзишлари мумкинлигини айтишган. Фақат бир марта полициянинг чора кўрмагани учун прокуратурага мурожаат қилинганда, уч кунга қамашган. Кейин яна ҳаммаси қайтадан бошланган. Уларнинг айтишича, бу шахсий иш, оилавий ишга полиция аралашмас экан", деб тушунтиради аёл. Кўп ҳолатларда полицияга ариза берган аёл эри билан бир хонада яшаётган бўлади ва унинг хавфсизлиги қандай қўриқланади?

Кейинги пайтда Россияда полиция олиб бораётган иш етарли эмаслиги ҳақида тобора кўпроқ гапирилмоқда.

"Зўравонлик ҳолатларидан кейин аёл оч-яланғоч болаларини олиб чиқиб кетади, эркак эса уйда қолади. Нега аёл болалари билан чиқиб кетиши керак? Эркаклар квартира уники эканини айтади. Болалар шу никоҳда туғилган-ку. Бу бемаънилик, дейди "Китеж" маркази раҳбари Алёна Садикова.

Оилавий зўравонликлар олдини олиш қонун лойиҳасининг тарихи узоқ. 1990 йилларда шу мазмундаги қонун лойиҳаси Давлат Думасига топширилган, лекин бирор марта биринчи ўқишдан ҳам ўтказилмаган.

2014 йил октябрда Россиянинг Биринчи каналида оилавий зўравонликка бағишланган ток-шоу ўтказилган. Қонун чиқарувчи органлар вакиллари қатнашган кўрсатув мавзуси "Оилавий зўравонлик ҳақида қонун: ҳимоями ёки шахсий ҳаётган дахл?" деб аталган. Кўрсатувнинг аксарият қатнашчилари шахсий ҳаётга аралашув деб жавоб беришган.

Шу қонун керакми?
Image caption "Китеж" маркази болалари билан борадиган жойи йўқ аёлларга бошпана беради.

Қонунчилик меъёрлари бажарилиши талабга жавоб бермаслиги ҳақида янги қонунчиликнинг мўътадил танқидчилари ҳам гапиришади. Муқаддам Думада соғлиқни сақлаш қўмитасини бошқарган, ҳозирда Федерация қўмитаси аъзоси Сергей Калашниковга кўра, назорат қилишнинг механизмларини ишлаб чиқмай туриб, шунчаки қонун қабул қилиш билан иш битмайди.

"Россия энг кўп қонун қабул қилинадиган мамлакат бўлса керак, дейди у. Бизда ҳар қандай масалада қонун қабул қилинади. Лекин амалдагиларини ҳаспўшлаш учун яна янги қонунлар чиқариш олдиндан ютқазилган ишдир". "Оилавий зўравонлик муаммоси қонунларни ўзгартириш билан эмас, ижтимоий маданий-маърифий йўллар билан ҳал қилиниши керак", дейди жаноб Калашников.

Бундан ташқари, оиладаги зўравонлик ҳақидаги қонунга қарши чиққанлар, жумладан Новоспасск черкови руҳонийлари қонун "оилавий зўравонлик" деб номланиши давлатнинг оилани жамиятда таъсири ва обрўйини ошириш ҳақидаги сиёсатига тўғри келмайди, дея эътироз билдиришган. Руҳоний Павелга кўра, "оилада зўравонлик бўлмаслиги керак, зўравонлик бўлдими у оила эмас. Демак унинг номланиши ҳам бошқача бўлади".

"Оилавий зўравонликнинг олдини олиш" ҳақидаги қонунга қарши чиқаётганлар фикрича, шу тариқа "оила бузилиши мумкин". Бироқ Россияда шундоқ ҳам "оиланинг чуқур инқирози" қачонлардан бери бор", деб ҳисоблайди "Китеж" оилавий зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари Алеёа Садикова.

Image caption "Россия энг кўп қонун қабул қилинадиган мамлакат бўлса керак, дейди", Сергей Калашников.

Унинг фикрига кўра, оилада зўравонлик муаммоси жамиятнинг ҳамма қатламига таъсир қилади. Айниқса, энг бой ва энг камбағал қатламга. Аёл ўрта қатламдан бўлса, молиявий томондан кўпроқ мустақил бўлади ва ажрашиш ҳақида тезроқ қарор беради. Агар эр бой бўлса, аксарият ҳолларда ишламайдиган аёллар ажрим натижасида суд болаларни эрига беришидан қўрқади.

Россияда патриархал қарашлар кенг тарқалган. Аёл аввало она, унинг оилада ва жамиятда бўйсунувчанлиги доимо таъкидлаб келинади, дейилади БМТнинг Россияда гендер тенглик бўйича вазиятга бағишланган ҳисоботида.

Алёна Садикованинг сўзларига кўра, жабрланганларни айблаш анъанаси ҳам кучли. "Ижтимоий тармоқларда қайсидир аёл оилавий зўравонликка дуч келгани ҳақида ёзсанг, бас, кўплаб аёлларнинг ўзи унга шу нарса керак, демак нимадир нотўғри қилиб қўйгандирки, эри урган, деб айблашга тушадилар. Ёки "нима учун эри ёмон бўлса, унга турмушга чиқди ёки бола туғиб берди", каби.

Экспертнинг фикрича, оилавий зўравонликка қарши қонун қабул қилинган тақдирда ҳам, бу муаммо тезда ҳал бўлмайди, оилавий, эр-хотинлик муносабатлари ўн йиллар давомида тарбияланади, шаклланади. Менталитетни секин-асталик билан ўзгартириш керак,- дейди у.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ