HRW: Эрон Афғонларни Сурия урушига мажбурламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти тарқатган ҳисоботга кўра, Эрон расмийлари айрим Афғон қочқин ва муҳожирларини Суриядаги урушга қатнашишга мажбур қилмоқдалар.

Эрон урушда Сурия Президенти Башар ал-Ассадни қўллаб-қувватлаб келади, қурол-яроғ билан таъминлайди.

Бу дастаклов ичига Афғон "кўнгиллилари" деб аталаётган жангарилар ҳам киради.

Бу жангариларнинг мақсади Суриядаги Шиалар учун муқаддас қадамжо саналган жойларни муҳофаза қилиш эканини айтади Эрон.

Human Rights Watch вакили Питер Букертнинг Оврўпога етиб олишга муваффақ бўлган Афғонистон фуқаролари билан ўтказилган интервьюларга асосланиб хабар тарқатишича, Афғонлар урушга қўшилишга мажбур этилмоқдалар.

Бош тортганларга Эрондан депортация қилиш таҳдидлари ҳам қилинмоқда.

"Умидсиз танлов қаршисида қолган айрим Афғон эркак ва ўғил болалари Эронни тарк этиб, Оврўпога кетишга мажбур бўлганлар", деб айтган Human Rights Watchнинг фавқулодда вазиятлар бўйича директори Питер Букерт.

Эронга кўра, таркибида Афғонлар ҳам бўлган "Фотимиён бригадаси" Ироқ ва Суриядаги Шиалар учун муқаддас қадамжоларни ИШИДга ўхшаган Сунний экстремистлар ҳужумларидан муҳофаза қилмоқда.

Эрондаги қудратли Инқилоб қўриқчилари қўшинлари дастаклаётган бригада Муҳаммад Пайғамбар(САВ)нинг қизи номи билан аталган, унинг мақбараси Дамашқ шаҳри яқинида жойлашган ва Шиалар учун муқаддас зиёратгоҳлардан ҳисобланади.

Айрим хабарларга кўра, Башар ал-Ассад кучларини дастаклаётган қуролли гуруҳга қўшилган Афғонларга Эрон фуқаролиги ва ойлик маош таклиф ҳам қилинган.

Эрон Исломий республикаси ўзининг ҳарбийлари Суриядаги жангларда иштирок этаётганини рад этиб келади.

Расмий Теҳрон сўзларига кўра, Ироқ ва Сурия ҳудудидаги қўмондонлари ва генераллари фақат "ҳарбий маслаҳатчилардир", холос.

Аммо шунга қарамасдан, Эрон, Афғонистон ва баъзан Покистондан бўлган ва Сурияда ҳалок бўлган "кўнгиллилар"нинг дафн маросимлари ватанларида тез-тез бўлиб турибди.

Эронда тахминан 3 миллионча Афғон қочқини бор деб кўрилади.

Лекин шулардан 950 мингига Эрон ҳукумати қочқин мақомини берган, қолганларининг бошпана изловчи сифатидаги аризалари рад этилган.

Human Rights Watch билан суҳбатлашган йигирмадан зиёд Афғон ўзи ёки қариндошининг Эрон расмийлари томонидан Суриядаги уруш ёллангани ёки урушда қатнашишга мажбурлангани ҳақида айтиб берганлар.

Улардан олти нафари сўзларига кўра, Эрон расмийлари ўзи ёки қариндошини Теҳрон ва Шероз шаҳарлари яқинидаги ҳарбий жамлоқларда тайёргарликдан ўтказганларини айтган.

Афғонлар Суриянинг қатор ҳудудларида, хусусан, Дамашқ атрофи, Ҳалаб, Ҳомс, Дайр аз-Зур, Ҳама, Латакия ва Исроил чегарасига яқин Ғўлон тепаликларига яқин жойларда жангларда қатнашганлари маълум бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ