Обама масжидга ташриф буюради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Обама Малайзия сафари чоғида Миллий Масжидни зиёрат қилган

Оқ Уйнинг билдиришича, Президент Обама АҚШдаги масжидга ташриф буюради.

Бу жаноб Обаманинг ўз президентлиги давомида илк бор Қўшма Штатлардаги масжидни зиёрат қилиши бўлади.

Вашингтон пост рўзномасининг ёзишича, масжидга ташриф Обама маъмуриятининг диний бағрикенгликни тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.

Сўнгги пайтларда жумладан, АҚШда Исломни террор билан боғлаш уринишларининг кучайгани кузатилади.

Айтилишича, чоршанба куни Президент Обама Балтимор шаҳрининг ғарбий четидаги Балтимор Исломий Жамиятига ташриф буюриб, ушбу масканда минглаб мусулмонларга хизмат қилаётган масжид ва мадрасани бориб кўради.

Оқ уй мулозимига кўра, Президент "мусулмонларнинг Америка олдидаги хизматларини қайд этиш билан бирга, диний эркинликнинг америкаликлар ҳаёт тарзида муҳим аҳамият касб этишини урғулаши" кутилади.

Жаноб Обама Балтимор Исломий жамиятида мусулмон жамоаси раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказиши билдирилган.

Обама хорижий сафарлари чоғида АҚШ ташқарисидаги қатор масжидларни зиёрат этган.

У яқинда америкаликларни республикачи номзод Доналд Трамп сингари сиёсатчиларнинг мусулмонларга қарши чиқишларини рад этишга чақирган.

Узоқ кутилган ташриф

АҚШ матбуотининг ёзишича, исломофобиядан шикоят қилаётган мусулмон раҳбарлари тўрт йилдан буён жаноб Обамани масжидга ташриф буюришга чақириб келадилар.

Айни пайтда Обаманинг танқидчилари орасида уни "ўзини насроний қилиб кўрсатадиган мусулмон" деб ишонадиганлар ҳам бор.

Охирги омма сўровларига кўра, америкаликларнинг 29 фоизи ва республикачиларнинг 45 фоизи Обамани мусулмон деб ишонади.

Ташриф жаноб Обама президентлигининг охирги йилига тўғри келмоқда.

Америкалик мусулмонларнинг аксарияти Барак Обамани дастаклайди, аммо кўпчилик Обама мусулмонлар учун кўп иш қилмади, деган фикрда.

Араб баҳоридан аввал, 2009 йилда Қоҳирада қилган чиқишида жаноб Обама Ислом ва терроризм ўртасида боғлиқлик борлигини рад этган эди.

Айни пайтда Обама бошқаруви даврида АҚШдаги масжидларда мусулмонлар устидан кузатув олиб бориш кучайган.

Айрим мусулмон раҳбарлари ўтган йили зўравон экстремизмга қарши анжуман чоғида жаноб Обаманинг, асосан мусулмон экстремизмига урғу берганидан ташвиш изҳор қилганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon