Сурия: Мадаянинг изтироблари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Урушнинг бегуноҳ жабрдийдалари

Этни жунжиктирадиган ёмғир остида бир неча эркак ниманидир кўтариб келишарди.

Мендан бу юпқа кўрпага ўралган нарсадан олишимни истардилар.

Атрофимизни бир зумда оломон ўраб олди.

Қоронғу тушган, фақат телефондаги чироқларни ёқиб олгандик.

Бир неча ойдан бери бу ерда электр энергияси йўқ.

Бу эркаклар аста тўхташди.

Эҳтиёткорлик билан кўрпани очишди.

Аввалига бу кўрпа ичида нима борлигини илғай олмадим, кейин... кекса бир кишига кўзим тушди.

Қариянинг ориқдан-ориқ оёқлари гўё танасидан муаллақ осилиб тургандек, оғзи очиқ, кўриниши абгор ва кўзлари йўқликка қадалганди.

У ҳаёт ва ўлим орасида эди гўё.

Эркаклар менга умид кўзларини тикишди.

Аммо, бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмас эди.

Чексиз изтироблар

Орадан икки соатча ўтиб, биз Мадая шаҳрига кирдик.

Сурия пойтахти Дамашқдан бир соатча йўл.

Мадая бир неча ойлардан бери қамал остида қолмоқда.

Узоқ ва оғриқли музокаралардан сўнг Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси билан бирга Суриянинг Қизил ярим ой жамияти, БМТга рухсат берилди.

Мақсад бу қамал остида бўлган қишлоғу шаҳарларга ёрдам етказиш...

Гап шундаки, Мадая каби қамал остида қолган минтақалар Сурияда жуда кўп.

Бу минтақалар зудлик билан инсонпарварлик ёрдамларига муҳтож.

Изтиробларнинг чегараси йўқ бу ўлкаларда...

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Ёрдамларга жуда узоқ давом этган тортишувлардан сўнг изн берилди

Уруш 5 йилдан бери давом этмоқда.

Қурбонлар сони 250 мингдан кўпроқ, 13 миллион инсонга ёрдам керак.

Қарийб ярим миллион суриялик қамал остидаги минтақаларда яшамоқда.

Айни минтақаларга мунтазам ёрдам керак.

Ҳозир ёрдам деярли йўқ.

Мадая мисолини олинг... то ёрдам етганига қадар, музокараларнинг ўзига ойлаб вақт сарфланди.

Аввал бошида Мадаяга ёрдам мамлакат шимолида бўлган Фуа ва Кефрая шаҳарларига кўмак берилиши шарти билан боғланди.

Мадая ҳукумат қўшинлари томонидан қамал қилинган, Фуа ва Кефрая эса мухолифат кучларининг исканжасида...

Бир шаҳарга бошқа биридан эртароқ ва ё кечроқ ёрдам берилиши мумкин эмас эди.

Тасаввур қилинг, ёрдам ортилган юк машинаси шимолда, лой йўлларда ишдан чиқса, тамом, жанубдаги шаҳар томон йўлга отланган ёрдам машинаси ҳам тўхтатиши керак эди.

WhatsApp орқали суратлар жўнатилар ва озиқ-овқат етиб келгани исботланар эди, ана шундагина бошқа шаҳарга ҳам ёрдам берилар эди.

Бу ёрдам беришнинг мақбул йўли эмас.

Мадаяда мени “соғлиқни сақлаш марказларидан” бирига олиб боришди.

Аслида эса, бу “марказ” ертўладаги бир хона бўлиб чиқди.

Очлик ва хасталикдан ўлар ҳолатга келган қарияларни кўрдим.

Азоб ичидаги болаларни...

Уларнинг қўллари игна орқали озиқлантиришдан илма-тешик бўлиб кетганди.

Маҳаллий шифокор мени ёш аёл қаршисига бошлади.

Туғолмай қийналаётган бу аёл уч-тўрт кундан бери бир ўзига келар, бир ҳушидан кетарди...

Иккинчи касал... саккиз яшар қизалоқ эди.

У ҳатто гапиришга ҳам ҳолсиз эди.

Сукунат.

Кейин менинг ёнимдаги шифокор йиғлашни бошлади.

Тинчлик музокаралари бир бўлиб, бир тўхтайди, аммо қурбонлар... қотилликлар давом этмоқда.

Ҳаётни сақлаб қолиш...

Тарафлар “қамал уруши”далар.

Худди ўрта асрлардагидай... бир томон бошқа томонни очдан ўлдиришга қасдлангани каби...

Қурбонлар эса, ҳар доим бўлганидай оддий халқ орасидан...

Инсонпарварлик ёрдам ташкилотлари ва ходимлари нима қилишади?

Нима келади қўлларидан?

Албатта, биз “халқаро инсонпарварлик қонунларини” ҳимоя қилиш ҳақида гапиришимиз, касалхоналар, тинч аҳолини нишонга олмасликларини талаб қилишимиз ва ҳисбдагиларга инсондай муомала лозимлигини урғулашимиз мумкин.

Аслида эса...

Инсонпарварлик ёрдам ташкилотларига ўз вазифасини бажаришга рухсат беринг!

Агар саккиз яшар қизалоқ оч бўлса, унга егулик беринг.

70 яшар кекса одамга тиббий ёрдам керак бўлса, бу ёрдамни беринг.

Бу одамларнинг ҳаётини фақатгина қайсидир юк машинаси лойда бузилиб қолгани учун хавф остига қўйманг!

Музокараларни тезлаштиринг, чунки бу билан инсон ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.

Бизга бу ерларга қайта-қайта келишимиз учун рухсат беринг.

Биз ёрдам берайлик.

Инсон бўлинг.

Инсон эканингизни унутманг.

Қақшатқиш уруш пайти ҳам унутманг буни.

Мадаяда мени яна бир ҳолат юрагимни қиймалади.

Бир аёл келди ёнимга ва у изтиробларга қарамасдан жилмаяр эди...

Мен эҳтимол у ёрдам келганига хурсанддир, деб ўйладим.

Адашган эканман.

У менинг қулоқларимга: “Сиз қайтиб келиб, биз билан гаплашиб, бизни эсдан чиқармасдан бизнинг... шарафимиз ва қадримизни тикладингиз. Раҳмат”, деб шивирлади...

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon