Бекҳам тез ёрдам ходимини қаҳва билан хурсанд қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи London ambulance service

Девид Бекҳам тез ёрдам ходими ва бемор киши совуқ ҳавода тез ёрдам машинасини кутиб ўтирганларини кўргач, уларга иссиқ ичимликлар олиб келиб берган.

Велосипедда ҳаракат қилувчи тиббий ёрдам шифокори Катрин Мейнард Лондон марказида йиқилиб тушган қарияга тез ёрдам кўрсатиш учун келганди.

Мейнард хонимнинг айтишича, Англия футбол жамоасининг собиқ сардори Бекҳам уларга салом берган, 10 дақиқа ўтгач эса қаҳва ва чой кўтариб қайтиб келган.

"Икковимиз ҳам ҳайрон қолдик ва жуда мамнун бўлдик", - дейди шифокор.

"Менимча, у Бекҳам эди"

Мейнард хоним Эндсли кўчаси яқинида тиббий ёрдам машинасини кутар эканлар, беморни иссиқ сақлаб туришга уринаётган бўлганини айтди.

"Бир пайт тепамга қарасам, Девид Бекҳамга ўхшаган киши ёнимиздан ўтиб кетаётган экан", - дейди у.

"У салом берди-да, машинасига ўтирди. Муолажа қилаётган беморимга "Менимча, у Бекҳам эди", дедим. Ўн дақиқа ўтгач, у менга бир қаҳва, беморга эса чой билан қайтиб келди. Бугун совуқ ҳавода велосипед ҳайдашга жуда қийналаётгандим, шунинг учун у иссиқ ичимлик билан келганида жуда ҳам хурсанд бўлдим", - дея қўшимча қилади у.

Лондон тез ёрда хизмати чиқарган баёнотда айтилишича, "Бекҳам тез ёрдам ходимларининг оғир меҳнатини ҳурмат қилишини намойиш қилди. Ҳатто бир қаҳва олиб беришдек кичик амал ҳам бизнинг ходимларимизнинг руҳини кўтаради".

Бемор қария касалхонага олиб кетилган ва кичик жароҳатлари учун муолажа олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBCUZBEKTwitter -BBCUZBEKOdnoklassniki - BBCUZBEKFacebook- BBCUZBEKGoogle+BBCUZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype -bbcuzbekradio