"Иордания қочқинларни бошқа қабул қила олмайди"

Иордания қироли Абдуллога кўра, мамлакати юз минглаб қочқинлар оқими боис ўта мушкул аҳволга келиб қолган.

Иордания ижтимоий хизматлари, инфратизим ва иқтисоди улкан босим остида қолганини айтган Сурия бўйича донорлар анжумани олдидан Би-би-сига гапирган қирол Абдулло.

Унинг билдиришича, халқаро ҳамжамият Иордания янада кўпроқ қочқинларни қабул қилишини истаса, мамлакатига кўмак кўрсатиши зарур.

БМТ Сурия ва унга қўшни давлатлардаги 22,5 млн инсонга ёрдам кўрсатиш учун 7,7млрд доллар ажратилиши кераклигини айтган. Бироқ молиявий маблағ топиш муаммоси тўлиқ ечим топмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Айни пайтда Иорданияда БМТ қочқин сифатида рўйхатга олинган 4,6 млн сурияликнинг 635 минги яшамоқда. Иордания ҳукуматига кўра, 2011 йилда Сурияда уруш бошланмасдан олдин қарийб бир миллион суриялик мамлакатга кирган.

"Қочқинлар муаммоси боис мамлакат бюджетининг 25 фоизи уларга сарфланмоқда. Иордания халқининг сабри тўлиб бормоқда, бир кун келиб ёрилади", дейди Би-би-сига берган интервьюсида қирол Абдулло.

"Бу иш маориф, соғлиқни сақлаш тизимимизгача етиб келгани жуда оғриқли", таъкидлайди у.

"Эртами кеч, мен ўйлайман, бошқа нарсалар ҳам ҳалокатли бўлиши мумкин. Бу ҳафта иорданияликлар учун жуда муҳим, нафақат суриялик қочқинлар балки ўзларининг келажаги учун кўмак бўлишини билиш иорданияликлар учун жуда муҳим, акс ҳолда уларнинг сабр косалари тўлиб бормоқда, оқибати жуда хавотирли", дейди жаноб Абдулло.

Қирол Абдулло шунингдек, "Иордания қандай мушкул аҳволда эканини Оврўпо давлатлари ўзлари қочқинлар инқирози билан дуч келиб тушунадилар. Иорданияга ёрдам берилмас экан, Оврўпо давлатлари ҳам катта муаммо қаршисида қоладилар. Иордания бошқа суриялик қочқинни қабул қиши имконига эга эмас"- деган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Шу ҳафта пайшанба куни, 4 февралда Лондонда Буюк Британия, Олмония, Норвегия, Қуваайт ва БМТ вакиллари иштирокида донорлар анжуманида дунёдаги 13,5 млн ёрдамга муҳтож, аксарияти Сурияда ва қўшни мамлакатларда бўлган қочқинларга ёрдам масаласи муҳокама қилинади.

Рейтер агентлигига кўра, Оврўпо Иттифоқи анжуманга 2 млрд евро беришга ваъда қилган.

Бундан олдин БМТ Иордания ҳукуматини Сурия чегарасидаги 16 минг қочқинга бефарқлиги учун танқид қилганди.

Иордания қироли ушбу танқидларни инкор этаркан, "Иорданияда жон сақлаётган миллионлаб қочқинлар орасидан фақат 16 мингини кўрган" халқаро ҳамжамиятни Женева анжуманида иштирок этадиган Сурия ҳукумати ва мухолифати вакиллари, шунингдек уларнинг Москва ва Вашингтондаги дастакловчиларини Сурия инқирозини ҳал қилишнинг сиёсий ечимини топишга чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon