Сурия музокараларининг 2-куни: Муроса йўқ

Image caption Сурия ҳукумати делегацияси Женевага етиб келди

Суриядаги урушга якун ясаш илинжида Женевада очилган музокараларнинг иккинчи кунида БМТнинг махсус элчиси Стаффан де Мистура Сурия ҳукуматининг делегацияси билан учрашди.

Жаноб де Мистура кейинроқ мухолифат гуруҳлари вакиллари билан учрашиши кутилади.

Аммо, Юқори даражали музокаралар қўмитасига кўра, мухолифатчилар ҳали ҳам ўз иштироклари борасида бир қарорга келмаганлар.

Қўмита музокаралар бошланишидан аввал исёнчилар қўлидаги ҳудудлар қамали тугатилиши ва у ерларга ҳаводан зарбалар тўхтатилишини истайди, аммо ҳукумат ҳозирча бунга рози бўлмаган.

Би-би-сининг Женевадаги мухбири Иможен Фоксга кўра, иккала томоннинг ҳам қатнашаётгани ижобий ишора, аммо мухолифат аввал ҳукумат қандай йўл тутишини кўрмоқчи.

Жайш ал-Ислом исёнчи гуруҳининг вакили Муҳаммад Аллуш музокараларга расман қўшилишдан аввал жаноб де Мистуранинг Сурия ҳукумати аъзолари билан музокаралари қандай якун топишини кутаётганини билдирди.

"Уруш бўлаётган жойларда ҳеч нима ўзгаргани йўқ. Аҳвол шундайлигича қолар экан, биз келажакка кўтаринки руҳ билан қарай олмаяпмиз. Суриядаги тузум ечимга эришиш йўлида яхши нияти борлигини намойиш қилмаяпти", - деб айтди у.

Айни дамда Сурия ҳукумат делегацияси раҳбари Башар ал-Жаафари мухолифатнинг тинчликка эришиш нияти "жиддий эмас"лиги, ҳамда унинг талаблари музокараларни издан чиқаришга йўналтирилганини даъво қилди.

Душанба куни ҳукумат Дамашқ ёнида қамал остида қолаётган Мадая шаҳрига кўпроқ инсонпарварлик ёрдами олиб кирилишига "назарий жиҳатдан" рухсат берган. Мадаяда юзлаб одамлар очарчиликдан жабр чекмоқда, бир неча одамлар очликдан ўлишган.

Озиқ-овқат, шунингдек, шимолда исёнчи қўшинлар ўраб олган Фоаҳ ва Кефрая қишлоқларига етказиб берилади.

Суриянинг бошқа ҳудудларида жанглар давом этмоқда. Сешанба куни Россия ҳаво зарбалари ёрдамида Сурия армияси Ҳалаб шаҳри шимолидаги яна бир қишлоқни қўлга олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEKTwitter -BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook - BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK(https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon