Порошенко: Россия билан уруш эҳтимоли кучайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина Президенти Пётр Порошенко айтишича, Россия Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўрмоқда ва Украина ва Россия ўртасидаги очиқдан-очиқ уруш бошланиб кетиш эҳтимоли ўтган йилга солиштирганда кўпроқ.

Жаноб Порошенко Олмония канцлери Ангела Меркел билан учрашувдан кейин Bild рўзномасига интервью берган.

Украина президенти сўзларига кўра, ҳозир "Украина ҳудудида саккиз минг Россия аскар ва зобитлари бор".

Бундан ташқари, Россия-Украина чегарасида Россиянинг янги ҳарбий базаси ташкил этилган ва у ерда ҳарбий ўқув машқлари ўтказилмоқда.

"Россия ҳарбий тайёргарликка кўп сармоя киритаяпти ва нега бундай қилинаётгани борасида биз ҳеч қандай тушунтириш олаётганимиз йўқ", деб айтган Президент Порошенко.

Украина президенти Россияга нисбатан Оврўпо санкцияларини бекор қилмасликка чақирган.

Россиянинг ўзининг иштирокисиз Сурия инқирозини ҳал этиб бўлмайди, деган гапларига ишонмасликка чақирган Пётр Порошенко.

Жаноб Порошенко айтишича, Россия Оврўпони парчалаб ташлашни истайди, бироқ бунга йўл қўймаслик керак.

2014 йил мартида Украина таркибидаги Қрим ярим оролида референдум ташкиллаштирилди ва қримликларнинг аксари Россияга қўшилиш учун овоз берганлари эълон қилинди.

Россия Қримни аннексия қилиб олди.

Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятлари яшовчилари Украинадан мустақил эканлари ҳақида эълон қилдилар, расмий Киев аксилтеррор амалиётларини бошлади.

Украина шарқида уруш 2014 йил апрелидан бошланди.

Украина Россияни ҳарбий босқинчиликда айблаб келади ва ўз ҳудудида Россия қўшинлари борлигини айтиб келади.

Президент Пётр Порошенко 2015 йил сентябрида Украинанинг янги ҳарбий доктринасини маъқуллаган.

Бу доктринада Россия босқинчи деб таърифланган.

Москва Украина шарқидаги урушга алоқаси борлигини рад этиб келади ва уруш келиб чиқишига Украинанинг жорий ҳокимияти айбдор деб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBCUZBEK
  • Twitter -BBCUZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook- BBCUZBEK
  • Google+BBCUZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype -bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ