БМТ комиссияси Ассанж тарафида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Би-би-сига маълум бўлишича, БМТнинг ноқонуний ҳибс бўйича ҳайъати Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанжнинг Британияга қарши аризасини қондирган, унинг Лондондаги Эквадор элчилигида бўлиб туришини ноқонуний деб топган.

Бундан олдин махфий ҳужжатларни ошкор қилиши билан дунёга танилган WikiLeaks веб-сайтининг асосчиси Жулиан Ассанж жума куни ўзини полицияга топширишга тайёр экани ҳақида эълон қилган эди.

“Агар БМТ эртага Британия ва Швецияга қарши ишимни ютқазганим ҳақида эълон қилса, жума куни туш пайти мен ўзимни Британия полициясига топшириш учун элчихонадан чиқаман. Чунки яна шикоят қилишнинг жиддий истиқболи қолмайди”, деб ёзган Твиттер орқали тарқатган баёнотида Жулиан Ассанж.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг ноқонуний ҳибс бўйича Ишчи комиссияси Жулиан Ассанж шикояти бўйича ўз қарорини Женевада 5 феврал куни расман эълон этиши кутилмоқда.

Ассанж раҳбарлигидаги WikiLeaks веб-сайти Пентагон, АҚШ Давлат департаменти ва идораларга тегишли юз минглаб махфий ҳужжатларни эълон этганидан кейин дунёга машҳур бўлди.

Жулиан Ассанж гўё 2010 йили жинсий зўрлагани ҳақида аёллардан шикоят аризасини олган Швеция полицияси уни сўроқ қилишга қарор қилди.

Швеция прокурорлари сўрови бўйича Швецияга экстрадициядан қўрққан Жулиан Ассанж 2012 йил июнида Лондондаги Эквадор элчилиги биносига кириб яширинди.

2014 йил сентябрида БМТга шикоят аризасини ёзди.

Бу шикоят аризасида ўзининг элчилик биносида ушлаб турилиши ноқонуний ҳибс эканини ёзган.

БМТнинг ноқонуний ҳибс бўйича ишчи комиссияси ҳуқуқий масалалар бўйича экспертлардан ташкил топган.

Бироқ бу ҳайъат қарори расман Британия ёки Швеция ҳокимияти томонидан бажарилиши учун бу ҳукуматлар ҳеч қандай мажбуриятга эга эмаслар.

Британия Ички ишлар вазирлиги билдиришича, ҳамон Ассанжни Швецияга экстрадиция қилиш қароридалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek• Instagram - BBC UZBEK• Twitter -BBC UZBEK• Odnoklassniki - BBCUZBEK• Facebook - BBC UZBEK• Google+ BBC UZBEK• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)• Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ