"Friends" юлдузи Мэтт Леблан "Top Gear"нинг янги бошловчиси

Image caption 48 ёшли америкалик актёр "Дўстлар" сериалидаги ўзининг Жоуи Триббиани роли билан кенг оммага танилган.

Америкалик актёр, "Friends"("Дўстлар") сериали юлдузи Мэтт Леблан бутун дунёга машҳур "Top Gear" кўрсатувида Жереми Кларксон ўрнига бошловчилик қилиши маълум бўлди.

Кўрсатувнинг 39 йиллик тарихи мобайнида бу биринчи марта британиялик бўлмаган киши "Top Gear"ни олиб боришидир.

"Top Gear" нинг кўп йиллик бошловчиси Жереми Кларксон кўрсатув продюссери билан келишмовчиликдан сўнг ишдан бўшатилганди.

"Автомобилларнинг ва "Top Gear" нинг ишқибози сифатида мен бу машҳур шоунинг янги тарихи саҳифасининг бир қисми бўлиш имконидан жуда ҳаяжондаман ва фахрланаман", деб айтган актёр матбуот мурожаатида.

Ўтган йил ёзда британиялик таниқли теле ва радиобошловчи Крис Эванс ҳам "Top Gear"нинг бошловчиларидан бири бўлиши хабар қилинганди.

"Мэтт, мен каби ашаддий автомобил ишқибози, мен у сафимизга қўшилаётганидан жуда хурсандман", деган Крис Эванс.

Мэтт Леблан бунгача икки марта Жереми Кларксоннинг "Top Gear"исида чиққан. Шунингдек, "Автомобилда юлдуз" шоусида ҳам қатнашган, машҳурлар ичида автомобилда энг қисқа вақтда етиб келиш бўйича ўрнатган рекорди ҳали бошқа томонидан янгиланмаган.

Актёр эксперт ўрнида?
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Айни пайтда 48 ёшли актёр "Дўстлар" сериалидаги ўзининг Жоуи Триббиани роли билан кенг оммага танилган.

Кейинроқ Мэтт Леблан 0Би-би-сининг "Эпизодлар" сериалида ўзининг ҳажвий образини ўйнаган. 2013 йилда "Эпизодлар"да яратган роли учун "Золотой глобус" мукофотини олади.

"Top Gear"нинг янги бошловчилари Жереми Кларксон, Ричард Ҳаммонд ва Жеймс Мэянинг ўрнини эгаллашади. Кларксон ўтган йил март ойида кўрсатув продюссери билан юз берган жанжалли воқеадан сўнг ишдан четлатилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

"Top Gear"ни 1990 йилларда олиб борган Стив Беррининг фикрича, Лебланнинг бошловчиликка тасдиқланиши бутун дунёда машҳурлигига қарамасдан ўзгача танлов ҳисобланади.

"Фақат Би-би-си актёрдан ҳужжатли кўнгилочар кўрсатувда фойдаланаётгани ғалати", дер экан, бу кўрсатувнинг ўзига тортувчи жиҳати барча бошловчилар тажрибали, аптопромни яхши билган журналистлар бўлганини қўшимча қилиб ўтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Newspress

"Жереми Кларксон ўзининг фикри билан ўртоқлашар экан, сиз унга ишонч билан қарайсиз. Актёр шу ҳақда гапирсачи, бу қанчалик эътиборни тортади?"- дейди у.

"Top Gear" кўрсатуви бутун дунёда 350 млн томошабинларига эга бўлиб, Би-би-сига йилига фақатгина кўрсатувни хорижда кўрсатиш ҳуқуқи савдосидан 50 млн фунт (73 млн доллар) даромад олиб келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.Instagram – BBC UZBEKTwitter – BBC UZBEKOdnoklassniki – BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio