Сурияда қочқинлар инқирози кучаймоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қочқинлар

Мамлакат шимолидаги Алеппога яқин минтақаларда янги ва қақшатқич жанглар ҳақида хабарлар келмоқда.

Ҳукумат айни шаҳардаги исёнкорларни қамал қилиш ниятида ҳужумларини кучайтирган.

Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув гуруҳига кўра, ҳар иккала томондан 120 яқин жангчи қурбон бўлган.

Жанглардан жон сақлаш ниятида 20 минг атрофида қочқинлар Туркия билан чегара ҳудудида тонг оттиришган.

Туркия қочқинларга ёрдам бериш учун тайёр эканини айтмоқда, аммо чегаралар ёпиқ.

Сўнгги бир неча кун ичида Сурия армияси Россия ҳаво ҳужумлари ёрдамида Алеппо вилоятида бир неча минтақаларни қўлга киритган эди.

Сурия телевизионига кўра, Жума куни ҳукумат тарафдори бўлган кучлар Алеппо шаҳри яқинидаги Ратянни ишғол қилишган.

Қочқинлар инқирози

Туркия Сурияда уруш бошланганидан бери икки миллиондан ортиқ сурияликни бағрига олган эди.

Аммо яна бир қочқинлар тўлқинига чегараларини очиш-очмаслиги ҳозирда қоронғу қолмоқда.

Image caption Туркия чегараси

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қочқинлар учун Туркия дарвозаларини очиши керак деган даъватларида собит туришмоқда.

Айни пайтда Оврўпо Иттифоқи ўз чегараларида назоратни кучайтирар экан, Туркия ҳам Ғарбнинг босими остида қолиши тайин.

Туркия ҳукумати эса қочқинларнинг янги оқимига Россияни айбдор қилмоқда.

Россиянинг ҳаво ҳужумлари оқибатида минглаб сурияликлар ўз ватанларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишмоқда.

Аммо Россия ҳаво ҳужумларини озайтирадиган кўринмайди, Сурия мухолифати чекинишга мажбур бўлар экан, Башар ал Ассад режими армияси фаоллашаётир.

Аввалроқ, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон “ Россия ҳаво ҳужумлари давом этар экан, Суриядаги вазият борасидаги тинчлик музокаралари ўтказишдан маъни йўқ”, деб айтган эди.

"Россия Суриядаги инсонларни ўлдиришда давом этяпти. Тинчлик йиғини ҳақида, тинчлик музокаралари ҳақида гапириш мумкинми?",- деб айтган жаноб Эрдўғон.

Олдинроқ БМТ нинг Сурия инқирози бўйича махсус элчиси Стаффан де Мистура Сурия бўйича музокараларда 25 февралгача танаффус эълон қилиб, қатнашчилар бу масалада яна ишлашлари лозимлигини таклиф қилган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ