Шимолий Корея узоқ масофали ракетани учирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шимолий Корея учирган узоқ масофали ракета тақиқланган баллистик ракета экани айтилмоқда.

Давлат телевидениеси бошловчиси Шимолий Корея сунъий йўлдошни орбитага чиқаришга муваффақ бўлганини хабар қилди.

Телевизион эълонда ракета парвозини Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг ўзи буюргани ва келажакда кўпроқ сунъий йўлдошларнинг учирилиши режалангани айтилди.

Маълумотларга кўра, ракета жанубий йўналишда учган ва Япониянинг Окинава ороллари узра ҳаракат қилган.

Ракета учирилишини Япония, Жанубий Корея ва АҚШ қоралаганлар, ҳамда якшанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлиси ўтказилишига чақирганлар.

Ким Чен Ин ҳукумати ракета парвози тинчлик мақсадларида амалга оширилишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA KCTV

Аммо, АҚШ, Жанубий Корея, АҚШ ва ҳатто Хитой ҳам Шимолий Корея аслида АҚШнинг ғарбий соҳилларига етиб боришга қодир бўладиган қитъалараро қуролни ясашга уринаётганига ишонадилар.

Жанубий Корея аксил-ракета мудофаа тизимини ўрнатишни АҚШ билан муҳокама эта бошлаганини билдирди.

Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе ўз қўшнисининг мазкур амали "провокация" ва халқаро ҳамжамият тинчлигига бўлган таҳдид эканини айтиб, Хавфсизлик кенгашини кескин чоралар кўришга чақирди.

Шимолий Кореяни қоралаган мамлакатлар қаторида Россия ҳам Пхенян халқаро қонунларни топтаганини айтди.

"Маълумки, бу каби амаллар Корея ярим ороли ва Шимолий-шарқий Осиёдаги вазиятнинг кескин ёмонлашишига олиб келиши мумкин", - дейилади Россия ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

Аввалроқ, Шимолий Корея Ер сайёрасини кузатадиган сунъий йўлдошли ракетани фазога чиқариш нияти борлигини айтиб, халқаро ташкилотларни бохабар қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEKTwitter -BBC UZBEKOdnoklassniki - BBCUZBEKFacebook - BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon