Бирмингемда Исломга қарши намойиш ўтди

Image caption PEGIDA UK раҳбари Томми Робинсон ва асли покистонлик Муҳаммад Исломга қарши намойишга етакчилик қилишди

Британиянинг Бирмингем шаҳрида шанба куни аксил-исломий ПЕГИДА ҳаракати ўзининг илк юришини ўтказди.

ПЕГИДА ҳаракатининг Британиядаги бўлими раҳбарлари митингга йиғилган 300 атрофидаги тарафдорларига уларнинг мақсади муҳожирлар ёки бошқа ирқларга қарши эмас, балки Британияда Ислом тарқалишига қарши эканини тушунтириб беришди.

Бу ҳаракат раҳбариятига кўра, Ислом динидаги тушунчалар Ғарбдаги эркин жамият тамойилларига мос эмас.

ПЕГИДА немис тилидаги аббревиатура бўлиб, "Оврўполик ватанпарварлар Ғарб мамлакатларининг исломийлашишига қарши" деган маънони беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Германиядаги ПЕГИДА тарафдорлари муҳожирларни жинсий зўравонларга тенглашади

Мазкур ҳаракат ўтган йили Германиянинг Дрезден шаҳрида тузилганди. Шанба куни муҳожирлар ва Исломга қарши намойишлар Оврўпонинг бир неча шаҳарларида бўлиб ўтди.

ПЕГИДАнинг раҳбарияти ва кўп тарафдорлари Исломга қарши кайфиятлардан ташқари, Россия президенти Путинга ҳурматларини изҳор қилиб келишган. Кўплаб шарқий немислар қатнашадиган намойишларда "Путин, бизни қутқар!" деган шиорларни кўриш мумкин.

Бирмингемда бу каби шиорлар кўзга ташланмади. Би-би-си мухбири шарқий оврўполиклардан фақат чехларнинг кичик гуруҳини кўрган.

Шанба юришидан аввал ПЕГИДА раҳбарлари аксил-фашист гуруҳлар уларга намойиш даврида ҳужум қилиши хавфи ҳақида гапиришганди. Аммо, бу каби тўқнашувлар юз бермади.

Бирмингем вокзали ташқарисида олтмишдан ортиқ аксил-фашистлар "ПЕГИДА йўқолсин! Миллатчиликни янчиб ташлаймиз!" каби шиорларни кўтариб олишганди. Полиция уларга ПЕГИДА томон ҳаракат қилишга рухсат бермаган.

Британияда миллатчилар намойишлари одатда аксил-фашист чап қанот гуруҳлар ҳужумига учрайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio