Россиялик спортчилар Риога боролмаслиги мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Икки марта Олимпиада чемпиони Елена Исинбаева Рио Олимпиадасидан кейин спортни тарк этишини айтган.

Жаҳон Енгил атлетика федерацияси (ISSF) дисквалификация туфайли халқаро мусобақаларда қатнашиши тақиқланган россиялик спортчилар рўйхатини эълон қилган.

Рўйхатга уч мингдан ортиқ спортчилар, жумладан, икки марта Олимпиада чемпиони, Россия терма жамоасининг сардори Елена Исинбаева ҳам киритилган.

Бундан ташқари узунликка сакровчи Дарья Клишина ва баландликка сакровчи Анна Чичерова, тўсиқлар устидан масофага югурувчи Сергей Шубенковлар ҳам бор.

Допинг жанжали марказида қолган спортчилар қаторига таниқли югурувчилар Валерий Борчин, Сергей Кирдяпкин, Ольга Каниськина, Сергей Бакулин, Владимир Канайкин, Лилия Шобухова ва Евгения Золотовлар фамилиясини кўриш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Сергей Шубенков ва Елена Исинбаева.

Россия Енгил атлетика федерациясига тақдим этилган рўйхат Жаҳон Енгил Атлетика Федерациясидаги маълумотлар асосида тузилган. У енгил атлетика бўйича турнирлар ташкилотчилари учун тузилган бўлиб, тақиқланганлар қаторига яна кўплаб спортчилар тушиш эҳтимоли бор.

2015 йил кузида Жаҳон допингга қарши агентлик россиялик спортчилар томонидан тақиқланган препаратлар доимий тарзда фойдаланиб келинганини аниқлаган. Шу тариқа Россия номаълум вақтга енгил атлетика федерацияси мусобақаларидан четлаштирилган эди.

Допингга қарши агентлик ҳисоботи 2014 йил декабрда Олмония телевидениесида намойиш этилган россиялик спортчиларнинг доимий равишда допинг истеъмол қилишларига бағишланган фильмдан кейин бошланган шахсий текширув натижаларига асосланган.

Фильм муаллифлари Жаҳон Енгил атлетика федерациясини россиялик енгил атлетикачиларнинг суистеъмолчиликларини яширганликда айблаганлар.

Март ойида Федерация комиссияси ўзининг дастлабки текширув натижаларини Монакода кўрсатиши кутилади. Россия ўз спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейрода ўтадиган Ёзги Олимпия Ўйинларидан четлаштирилмаслигига умид қилмоқда.

Бироқ Россия енгил атлетика федерацияси аниқланган қонунбузарликларни бартараф этмаган шароитда, минглаб спортчилари Олимпиада Ўйинларида қатнаша олмайдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio