Касьяновга тухум отишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Михаил Касьянов.

Бир гуруҳ номаълум кишилар мухолифатдаги "Парнас" партияси раҳбари Михаил Касьяновнинг Владимирга қилган сафари чоғида машинасига тухумлар отишган.

Сиёсатчининг ўзи жароҳатланмагани айтилган.

Ҳодиса журналистлар билан матбуот анжуманига бораётган Касьянов бино олдига етганида рўй берган.

Айтилишича, ҳужум қилганлар Миллий қутқарув ҳаракатининг фаоллари бўлиб, матбуот учрашувидан олдин норозилик акцияси ташкил қилишган.

Сешанба куни ҳам собиқ бош вазир Михаил Касьяновга Москвада ҳужум бўлганди.

"Москва марказидаги ресторанлардан бирида кўриниши славян миллатидан бўлмаган 10 киши менга торт ирғитишиб, таҳдидли гаплар айтишди, сўнгра автомобилга ўтириб қочиб кетишди",- деганди Касьянов.

Бундан кўп ўтмай Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Инстаграмдаги саҳифасида кўп кулги белгиларини қўйиб," яна менми?" деб ёзди. Сўнгра қўшиқчи Николай Басковга торт отилгани туширилган суратни чоп этиб, "Николайга торт отишгандан сўнг, у ҳануз бутун халқаро идораларга чопиб, зиёфатни қайтаришни сўраб юрибди", деб изоҳ қолдирди.

Ҳодисага фикр билдирган Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, "бунда кимнидир Чеченистон ёки бошқа минтақа раҳбари билан қарама-қарши қўйиш керак эмас".

Ўтган ҳафта "Парна" раиси ва унинг ўринбосари Владимир кичик-Кара Мурза Рамзан Қодировга нисбатан жиноий иш очишни сўраб Федерал Қидирув Бюросига ариза беришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Рамзан Қодиров.

Бунга сабаб Рамзан Қодировнинг яна ўша Инстаграмда жойлаштирган видеоси бўлиб, унда Касьянов ва Кара-Мурза кўринишлари нишон остида акс этганди.

"Инстаграм" видеони хизмат қоидаларини бузиш сифатида олиб ташлаган. Сиёсатчилар эса лавҳани қотилликка чақирув дея баҳолашган ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишларини айтишган.

Бу воқеалар манзарасида Оврўпо Иттифоқининг Россиядаги элчиси Вигаудас Ушацкас Чеченистон раҳбарининг мухолифатчи Михаил Касьяновга қилган таҳдидидан ларзага келганини айтди ва Россия ҳукумати зудлик билан чора кўриши керак, деди.

"Оврўпо Иттифоқининг Россиядаги элчиси Қодировнинг Россия сиёсий мухолифатига қарши қилган баёнотини демократик жамият учун номақбул деб билади", - дейилади Москвадаги ОИ элчихонаси баёнотида.

Қодировнинг ўзи Россия мухолифатига мурожаат қилиб, агар унинг ҳаракатлари ёки сўзлари уларга ёқмаса, судга мурожаат қилишларига чақирди.

"Мен - қонунга бўйсунувчи фуқароман, ҳар бир сўзимга жавоб бераман ва ўзимнинг фикримда қатъий қоламан", - деб ёзди у Инстаграмда.

Кремлда чечен раҳбарининг сўзларига жўяли муносабат билдиришмаган. Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Қодировнинг Инстаграмини кузатиб бормаслигини, аммо "нима ҳақида гап кетаётганига бир қараб" қўйишини ваъда қилган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россиянинг норасмий мухолифатини "халқ душманлари" деб атаган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги сиёсий тузумни "издан чиқармоқчи бўлаётганлар"ни маҳкамага тортиш лозим.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon