Сурия бўйича оташкесимга келишилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Тинчлик келишувининг бориши АҚШ ва Россия гуруҳи томонидан назорат қилинади.

Олмониянинг Мюнхен шаҳрида Сурия инқирози бўйича дунёнинг қудратли давлатлари иштирокида йиғилган музокараларда барча томонлар келишувга рози бўлганлар. Оташкесим ҳафта давомида кучга киради.

Бироқ тинчлик битими "Исломий давлат", "Нусра Фронти" ва бошқа жангари гуруҳларга талуқли эмас.

"Мажбуриятлар қоғозга тушди, бироқ унга ҳамма томонлар амал қилишлари, бажаришлари лозим. Тинчлик келишуви жиҳодчи, террористик гуруҳларга талуқли эмас", деган АҚШ давлат котиби Жон Керри.

Сурияга ёрдам халқаро гуруҳининг 17 аъзоси ҳам кўмакларни тезлатиш ва кенгайтиришга рози бўлганлар.

Мурожаат Россия дастаги билан мавқеъларини мустаҳкамлаб бораётган Сурия армиясига қилинган.

Бу ҳаракатлар Ҳалабнинг исёнчилар назорати остидаги туманларда ўн минглаб тинч фуқароларни қуршовда қолиш хавфини туғдиради.

Мухолифатнинг асосий исёнчилар гуруҳи буни қувватлаган бўлсада, Сурия армияси ҳозирча бунга муносабатини билдирмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Оташкесим Сурия мухолифати ва Ассад кучларига талуқли.

"Биз яқин орада тинчлик келишувида силжиш бўлганини кўрсак, Женева музокараларига борамиз", деган Салим ал Муслат.

Айни пайтда Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров Сурияда қуруқлиқдаги амалиётлар вазиятни баттар издан чиқариб юборишидан хавотир изҳор этган.

Тинчлик келишувининг бориши АҚШ ва Россия бошчилиги остидаги гуруҳ томонидан назорат қилинади.

Ўз ўрнида Британия Ташқи Ишлар вазири Филипп Ҳаммонд Россия Сурия ҳукумат кучларини ўз ҳаво ҳужумлари билан қувватлашни тўхтатсагина келишувга охиригача амал қилиши мумкин, деган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россия бомбардимонлари қочқинлар оқимини ошириб юборган.

Унга кўра, БМТ тинчликпарвар кучлари гуманитар ёрдамларни ўз эгаларига етишини таъминлайдилар.

Сешанба куни музокара иштирокчилари бир-бирларини масъулиятсизликда айблаганлар.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Сурия бўйича музокаралар тўхташига масъулиятни Ар-Риёддан келган сурия мухолифати ҳайъатига тўнкаган бўлса, АҚШ ва Туркия музокаралар айнан Россия ҳукуматининг Суриядаги ҳаракатлари туфайли бузилди, деган фикрда қолганлар.

Башар Ассад

Музокаралардан кўп ўтмай, Сурия Президенти Башар Ассад бутун мамлакат бўйлаб назоратни ўз қўл остига қайтариш ниятини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Башар Ассад исёнчилар босиб олган ҳудудларни назоратига қайтариш вақт талаб қилишини айтган.

Жаноб Ассад бу ҳақда Франс Пресс агентлигига берган интервьюсида айтган. Унинг сўзларига кўра, суриялик исёнчилар устидан ғалабага эришиш, можарога бошқа мамлакатлар аралашгани учун кўпга чўзилиши мумкин. Бироқ Сурияни яна бирлаштирамиз, деган у.

Суриядаги беш йиллик уруш давомида 250 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 13, 5 млн киши уй-жойсиз қолганлар ёки ватанларини ташлаб чиққанлар.

Россиянинг исёнчилар манзилларини нишонга олаётган бомбардимонлари яна минглаб ҳалабликларни уйларини ташлаб чиқишга мажбур қилган.

Охирги ойда Ҳалабдан Туркия чегараларига қараб қочганларнинг сони 50 мингга етган.

Бундан олдин Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли БМТ ва АҚШ ни "иккиюзламачилик"да айблаганди.

У "Ғарб раҳбарлари Россиянинг бомбардимонлари Суриядан қочиб чиқаётган қочқинлар оқимини ошириб юборгани учун айбламай, Туркиядан муҳожирлар учун чегарани очишни талаб қилишдан тўхтамаяптилар, Сурия инқирозига барҳам бериш учун Россия бомбалашларини ҳам тўхтатиш керак", деган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon