Қрим Татарлар Мажлиси тақиқланадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Поклонская хонимга кўра, Мажлисни тақиқлашни бошқа қримтатар ташкилотлари сўрашмоқда.

Қрим Прокурори Наталья Поклонская 15 февралда Қрим Олий маҳкамасидан Қрим татарлар мажлисини экстремистик ташкилот деб тан олиб, фаолиятини Россияда тақиқлашни талаб қилган.

Талабноманинг нусхаси Мажлис раиси ўринбосари Наримон Жалиловга топширилган.

Поклонская хонимга кўра, Мажлисни тақиқлашни сўраб бошқа қримтатар ташкилотлари ўзлари ёзма мурожаат қилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA
Image caption Мажлис етакчилари Жамилев ва Гумеровга Россияга кириш тақиқланган.

Ушбу хатда "ўзини қрим татарлар етакчилари деб атаганлар" "тинч ва меҳнаткаш халқни гиж-гижламоқда" "Қримни қамалдан чиқаришни" талаб қилмоқда. Ҳеч қандай қамал эмас, ярим орол аҳолисининг референдумда тасдиқлаган "Қримнинг Россияга бирлашиши" юз берган дейилади.

Хатга имзо чеккан "Қрим бирлиги" жамоатчилик ташкилоти раҳбари Сайитумар Нематуллаев ўзининг исми ёнига " жамоатчилик ташкилотининг 12000 аъзолари" деб ёзганига изоҳ бераркан, улар учун имзо чекмагани, балки сонини кўрсатганини айтади Би-би-сига. Бундан ташқари Нематуллаев хатнинг муаллифи айнан кимлигини эслолмаган.

Мажлис ўзини қрим татарлар ижроия идораси деб атайди. Қурултой қонун чиқарувчи органи ҳисобланади. Иккала ташкилот ҳам 1991 йил совет ҳукуматининг қрим татарларга қарши қатлиоми асоратларини бартараф этиш мақсадида тузилган.

Мажлис асосчиларидан Мустафо Жамилев 2013 йилда бу лавозимга ўз номзодини бошқа қўймаслигини билдирган. Рефат Чубаров янги раҳбар этиб сайланганди. Қрим аннекциясини қоралаган Чубаров ва Жамилевга 2019 йилга қадар Россияга кириш тақиқланган.

Қурол билан ёки қуролсиз
Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA

"Мажлисни тақиқлаш мумкин эмас, деб айтган Мустафо Жамилев.- У халқ томонидан сайланган ва фақат халқ съезди қарори билан тарқатилиши мумкин. Шунинг учун мажлис аъзоларига босим ўтказиб, уларни Қримдан ҳайдаб чиқармоқчи, унинг ўрнига Қримда қандайдир бошқа ташкилот тузмоқчилар. Бу тизимларни бошқариш Херсон вилоятида Геническ собиқ шаҳар ҳокими бўлган Нематуллаевга ўхшаган одамларга берилади. Уларга Украинада йирик миқдорда пулни ўмариш бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бундай одамлар Украинада нима қилишлари мумкин?"

Сайитумар Нематуллаев эса ўз навбатида Мажлисни нодемократликда айблаган.

"23 йил Жемилевнинг раҳбарлигида ўтган. У ўзига нима ёқса шуни қилган, ким унга қарши бўлса, Жамилевга керак бўлмаган. У Қрим татарларни Шимолий Кореядаги каби бошқармоқчи бўлди. Мажлис унинг номи билан тушунилади, шунинг учун бошқа ном олиши керак, йиғилиш ёки "Къырым" деб. Буни халқ ўзи танлайди, дейди у.

Жемилевнинг фикрича, Украина ҳудудий яхлитлигини Қрим аҳолисига тушунтириш ишлари олиб бориб, тиклаш мумкин. Киевдан сунъий йўлдош орқали қримтатар тилида узатиладиган ATR телеканали бор. Кўрсатувлар украин, турк, рус тилларида ҳам олиб борилади.

Қримнинг ўзида эса ҳукуматга қарашли "Миллат" канали иш бошлаган.

"Кўп қримтатарлар учун Россия паспортини олиш эҳтиёж. Унингсиз шифокорга мурожаат қилиб бўлмайди, ишга жойлаша олмайди. Қримда Россия паспортини олиш Россияни қувватлаш дегани эмас. Шу боис ҳақиқий коллаборнационистлар кам, уларга ҳам тушунтириш керак. Мен ҳатто шундайларни қўшнилар тўйга айтмаганларини биламан.", дейди Жамилев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA
Image caption Кабир-жомеъ масжидида жамоа намози 1944 йилда Қрим халқлари депортацияси қурбонларига бағишланган. Улар орасида 180 минг қримтатарлар бўлган.

2015 йил Қрим билан чегарада тузилган Қримтатар батальонига Қрим мажлисининг тақиқи таъсир қилмайди. Жамилевга кўра, Россия армияси Қримдан чиқиб кетгач, батальон ярим оролда тартиб ўрнатади.

"Бундан ташқари биз Украина мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма батальон тузишни сўраймиз. У Чеченистонда бўлгани каби этник тозалаш ҳодисаси юз берадиган бўлса, кўмак беради", дейди Жемилев.

Қрим Мажлиси аъзоси Наримон Жалиловнинг айтишича, ташкилот қўлига қурол олмайди.

"Миллий Қрим татарлари ҳаракатининг бутун тарихи шуни кўрсатадики, биз вазиятдан келиб чиқиб доим зўравонликдан холи бўлган йўлларни топганмиз".

Туркия изи

Поклонский аризаси Мажлис вакилларининг Туркия Бош вазири Аҳмат Довутўғли учрашуви билан бир вақтга тўғри келган. Иккала томон ҳам Қрим Россия томонидан босиб олинган деб билади. Наримон Жалиловнинг айтишича, бу учрашувни Россия Туркия муносабатлари ёмонлашганига ҳеч алоқаси йўқ.

"Россиянинг ким биландир муносабати ёмонлашади ёки яхшиланади, бунинг аҳамияти йўқ. Россия халқаро ҳуқуқни бузди, унга бу ҳақда айтиляпти ва у қулоқ солиши керак. Бу фақат Қримга эмас, Украина шарқига ҳам, бутун мамлакатлар ва халқаро ташкилотларга боғлиқ. Россия муносабатлар йўлга қўйилишидан манфаатдор. Лекин бунақа тақиқлар, босимлар, тинтувлар билан муаммони ўзича ҳал қилмоқчи бўляпти. Тарих бундай усуллар муваффақият олиб келмаслигини кўрсатади", дейди Жалилов.

2001 йилда Украинада ўтказилган сўров бўйича Қримда 243 минг қримтатарлар яшаган. Россия Қримни босиб олгач, турли ҳисобларга кўра, ярим оролни 20 мингга яқин қримтатарлар тарк этганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ