Эрон нефт ишлаб чиқаришни камайтирмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Венесуэла, Саудия Арабистони, Қатар ва Россия Энергетика вазирлари нефт ишлаб чиқаришни январ ойи даражасида ушлаб туришга келишганлар.

Эрон ҳукумати нефт қазиб чиқаришни ҳозирги даражада ушлаб туришда мантиқ йўқлигини айтиб, сешанба куни Доҳада Россия ва ОПЕКнинг яна уч аъзоси иштирокида келишилган шартномага қўшилмаслигини маълум қилди.

Эроннинг ОПЕК билан муносабатларига масъул раҳбарларнинг сўзларига кўра, Теҳрон Ғарб санкциялари остида эканида кўп мамлакатлар нефт ишлаб чиқаришни оширишди. Энди бу санкциялар бекор қилинган экан, Эроннинг ўзи ҳам нефт қазиб чиқаришни оширишни истайди.

Эронга қарши жорий этилган жазо чоралари 16 январ куни бекор қилиниши ортидан жаҳон бозорида нефт нархининг янада пасайиши кузатилди.

Нефт нархининг бир маромда тушиб бориши иқтисоди нефт нархига боғлиқ мамлакатларга, жумладан Россияга кучли таъсир қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Доҳада имзоланган келишувнинг асосий талабларидан бири ОПЕКка аъзо давлатларнинг барчаси, жумладан Эроннинг ҳам розилиги лозим экан, Теҳроннинг айтаётган қарори келишувни амалга оширишга имконият қолдирмайди.

Шунга қарамасдан, музокаралар давом этмоқда.

Нефт қазиб чиқарадиган давлатларнинг бир қанчаси келишувни қувватлашган. Хусусан, нефтнинг ҳозирги миқдорини музлатишга Қувайт ҳукумати тайёрлигини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption ОПЕКнинг барча аъзолари келишуви лозим.

Мамлакат нефт вазирлигига кўра, Қувайт кунига 3 млн баррел даражасида ушлаб туришга рози. Қачонки, ОПЕКнинг барча аъзо давлатлари бу борада келиша олсалар.

Нефт ишлаб чиқаришни шу йилнинг январ ойидаги даражада музлатиш ҳақидаги келишувга Россия, Саудия Арабистони, Қатар ва Венесуэла имзо чеккан. Улардан ташқари яна Эрон, Ироқ, Қувайт, Ливия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жазоир, Нигерия, Эквадор, Ангола ва Индонезия каби аъзо мамлакатлар қарори лозим.

Бундан мақсад, нефтнинг тушиб бораётган нархини кўтариш. Айни вақтда нефт бозори Доҳадаги учрашув хулосаларига шубҳа билан қарамоқда. Сабаби бу борада Эрон дохил яна 10 давлат билан келишишга тўғри келади.

Нефт бозорида жиддий қарорлар қабул қилиниши ҳақидаги миш-мишлар ортидан Brent маркасида нефт баҳоси 6 фоизга кўтарилган, бироқ охирги хулосалар эълон қилинганда 1 баррел 35,5 доллардан 33,73 долларга тушиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Санкциялар бекор қилинган экан, Эроннинг ўзи ҳам нефт қазиб чиқаришни оширишни истайди.

ОПЕК аъзолари нефт ишлаб чиқаришни қисқартиришга эмас, ҳозирги даражада ушлаб туришга келишганлар. Бундан ташқари, мамлакатларнинг январ ойида қазиб олган нефт энг юқори кўрсаткичларни ташкил этади. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, Россия январ ойида кунига 10,9 млн баррел нефт олишга эришган. Саудия Арабистони эса 10,2 млн баррел қазиб чиқарган.

Бу рақамлар рекорд даражалар дея қайд этилган.

Бироқ асосий муаммо жиддий келишувлар йўқлиги ва яқин келажакда натижаларнинг ноаниқлиги эмас. Таҳлилчилар фикрича, охирги ўн йилликда дунё нефт бозори чуқур, таркибий ўзгаришларга учрадики, ундаги асосий ўйинчиларни бундан кейинги нархларни бошқариб туриш имконидан маҳрум қилди.

Шу боисдан ҳар қандай келишувларга қарамасдан, ОПЕКнинг дунё нархларига олдинги таъсири ўтмишда қолган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ