Горбачёв Михалковга сиёсатга суқилмасликни айтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Горбачёв илгари ҳам Совет Иттифоқининг парчаланишида айбдор деган танқидларга тутилган.

Собиқ иттифоқнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв режиссёр Никита Михалковга сиёсатга аралашмасдан, ўз иши билан банд бўлиши яхшироқ эканини маслаҳат берган.

Жаноб Горбачёвнинг сўзлари Михалковнинг айбловига жавобан янграган.

Аввалроқ россиялик таниқли режиссёр Никита Михалков Михаил Горбачёв ва Борис Елцин сиёсатини давлат даражасидаги жиноят деб тан олишни таклиф қилганди.

"Яхшиси ўз иши билан шуғуллана қолсин. Унда фақат шундай эътироз бўлган: подшоҳга чиқиш. Бундай бўлмайди. Сиёсатга келадиган бўлсак, унда ҳамиша катта эътирозлар ва амбициялар бор, бу эса зарарли. Унинг ўз соҳаси бор, шу муҳимроқ, биз унинг талантини қадрлашимиз керак. Сиёсатга эса суқилмагани яхши",- деб айтган Михаил Горбачёв Михалков ҳақида Би-би-сига.

Михалков Интерфакс агентлигига берган интервьюсида Совет Иттифоқининг парчаланиши буюк геополитик фожеа бўлгани, бунга эса Горбачёв ва Элциннинг сиёсати айбдор, деган фикрни билдирган.

Горбачев бу фикрларидан сўнг Михалковга ўзини босиб олишни маслаҳат беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Михалков ўз иши билан шуғуллангани фойдалироқ, деган Горбачёв.

"У ўзига келиши керак. Мен ҳаммадан шошмасликни ва кутишни сўрайман, бизга берилган нарсани амалга ошиши, бугунги ҳаётга уйғунлашиб, одамларни тузатиши учун имкон беришимиз керак. У меъёрида ва эркин бўлиши лозим. Муҳими, бизда ҳаётнинг қайси соҳасида бўлмасин тентаклар, шошма-шошарлар бўлмасин ва ҳаётни бошқаришга уринмасин", деб таъкидлаган Горбачёв.

Собиқ президент Михаил Горбачёв Совет Иттифоқини сақлаб қололмагани учун танқид нишонига олинган ҳолатлар Россия оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида тез-тез учраб туради.

Думанинг бир қанча депутатлари собиқ Иттифоқнинг биринчи ва охириги президенти Михаил Горбачёвни "буюк мамлакатни парчалаш" га масъул сифатида маҳкамага тортишга чақиргандилар.

Горбачев ўзини судлашга чақириқлар "ақлсизликдан бошқа нарса эмас" деган.

Интернет ижтимоий тармоқларида муҳокама қилган аксарият фойдаланувчилар Горбачёвни СССРни тарқалишда айбдор деб билишларини айтсалар, баъзилар "кекса киши"ни энди тинч қўйишга чақирганлар.

Путин сиёсати ҳақида бир неча бор танқидий фикрлар айтган Михаил Горбачёв Қримнинг Россия таркибига киришини ёқлаган, Совет хатоси тузатилди, деганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ