Сурия: оташкесим 'яқин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Керри ва Лавров оташкесим ҳақида келишишган

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россия билан қисман оташкесим борасида "дастлабки келишув"га эришилганини маълум қилган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралар ортидан гапирган жаноб Керри "оташкесимга ҳар доимгидан ҳам яқин эканликлари"ни айтган.

Шу ой бошида жаҳоннинг қудратли давлатлари "ўт очишга барҳам бериш"га келишганлар, аммо оташкесим учун белгиланган муҳлат жума куни ниҳоясига етган.

АҚШ Давлат котиби якшанба куни россиялик ҳамкасби билан оташкесим шартлари ҳақида келишганликлари, аммо ҳали айрим жиҳатларга ойдинлик киритилиши кераклигини айтган.

Хомсдаги ҳужум

Айни пайтда якшанба куни Суриянинг Хомс шаҳрида юз берган икки суиқасд ҳужумида камида 46 инсон ҳалок бўлган.

"Сурия инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази"нинг хабар беришича, қурбонларнинг аксарияти тинч фуқаролардир.

Гуруҳнинг айтишича, яраланганлар кўп ва талофатлар сони ҳали ошиши мумкин.

Сурия давлат телевидениеси ҳужумда 25 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳужумда алавийлар яшайдиган минтақа нишонга олинган

Икки машинадаги бомба портлатилган ҳужум ортида ким тургани маълум эмас, аммо ўтмишда ИШИД айни минтақани нишонга олган.

Ҳужум афтидан, президент Асад мансуб бўлган алавий озчилик яшайдиган ҳудудни нишонга олган.

Башар Асадга қарши исённинг энг биринчи марказларидан бўлган Хомс бир вақтлар "инқилоб пойтахти" дея номланганди.

Аммо ўтган йили исёнчилар оташкесим битимига мувофиқ, шаҳарни ҳукумат кучларига ташлаб чиқишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon