Сурия: 140 инсон ўлими учун масъулиятни ИШИД олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

140 дан зиёд инсонни ўлдирган портлашлар учун масъулиятни ўзини “Исломий Давлат” деб атайдиган гуруҳ зиммасига олган.

Дастлаб Ҳомс шаҳрида икки автомобил портлаши оқибатида 57 ҳалок бўлган.

Уларнинг аксари тинч фуқаролар бўлганлар.

Кейин пойтахт Дамашқ четидаги Саййида Зайнаб мавзесида тўрт портлаш рўй бергани хабар қилинмоқда.

Сурия давлат матбуоти хабар қилишича, портлашларда камида 83 инсон ҳаётдан кўз юмган, 178 киши жароҳатланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

ИШИДга боғлиқ ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Саййида Зайнаб мавзесида ИШИД жангарилари дастлаб автомобилни портлатганлар.

Сўнг худкуш ҳужумчилар ўзларини портлатганлар.

Саййида Зайнаб мақбараси Шиалар учун муқаддас қадамжолардан бири ҳисобланади, Эрон ҳукумати ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Президент Ассадни қўллаб-қувватлаётганлари сабабини Саййида Зайнаб мақбараси каби Шиалар учун муҳим зиёратгоҳларни муҳофаза қилиш мақсадлари билан тушунтирадилар.

Ўтган ой ҳам Саййида Зайнаб мавзесида рўй берган худкушлик портлашлари туфайли 71 киши ҳаётдан кўз юмган, ушбу ҳужумларни ҳам ИШИД уюштирганини даъво қилганди.

Сўнгги ҳалокатли ҳужумлар Сурия шарқидаги Ҳалаб шаҳри учун қақшатқич жанглар давом этаётган пайтга тўғри келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиш гуруҳи хабар тарқатишича, Ҳалаб учун жангларда камида 50 ИШИД жангариси ўлдирилган.

Россия ҳаво ҳужумлари дастагида Сурия ҳукумат кучлари Ҳалаб атрофида тобора кўп ҳудудларни ўз назоратига олмоқда.

Айни пайтда Сурия Президенти Башар ал-Ассад оддий сурияликларни ўз уйларига қайтишдан қўрқмасликка чақирган.

Ўз халқини ўлдираётганликда узоқ вақтдан айблаб келинадиган Президент Ассад айтишича, уруш туфайли яшаши оғирлашгани туфайли мамлакатини тарк этган инсонлар ҳукумат томонидан бирор чора кўрилади деб қўрқмасдан Сурияга қайтишлари мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

“Биз одамларнинг Сурияга қайтишларини хоҳлаймиз”, деб айтган Президент Ассад журналистларга.

2011 йил мартида Президент Ассад бошқарувига қарши бошланган норозиликлар фуқаролар урушига айланди.

Шу пайтгача 250 мингдан ортиқ суриялик ҳалок бўлди деб кўрилади.

11 миллион атрофида инсон ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.

Шулардан 4 миллиончаси хорижга, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб Оврўпога етиб олиш учун қайиқларда денгизлар орқали йўлга чиқдилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ