"Оврўпо Иттифоқидан чиқиш иш жойларини хавф остига қўяди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Британиянинг Оврўпо Иттифоқидаги аъзолигига бағишланган баҳслар қизимоқда.

23 июн куни Британияда референдум мўлжалланган.

Референдум арафасида Британиядаги йирик ширкатлар раҳбарлари мурожаат билан чиққанлар, бу мурожаатда улар агар Британия Оврўпо Иттифоқи таркибидан чиқса, иш жойлари қисқариши ва умуман мамлакат иқтисодиёти зарар кўриши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

Йирик компаниялар раҳбарларининг жамоавий мурожаати "Таймс" рўзномасининг 23 февралдаги сонида чоп этилган.

Мурожаатга Британиядаги 198 бизнес ширкатлари раҳбарлари имзо чеккканлар.

Бу ширкатлар орасида BT, Marks&Spencer ва Vodafone ҳам бор, мактуб остига ўз имзоларини Лондон биржасида акциялари сотиладиган FTSE 100 индексига кирган 36 компания раҳбари ҳам қўйганлар.

20 феврал куни Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Оврўпо Иттифоқи билан алоҳида келишувга эришди.

Ушбу келишув бўйича Британия ОИдан келадиган муҳожирларнинг имтиёзларини қисқартириш ҳуқуқини қўлга киритган.

Бундан ташқари Британия Оврўпо Иттифоқининг бошқа аъзолари билан яқин иттифоқчилик мажбуриятини ҳам олмайди.

Янги келишув ортидан Бош вазир Кэмерон Британиянинг ОИдан чиқиши ишлайдиган британияликларнинг бир неча авлодига салбий таъсир кўрсатади, дея баёнот берди.

Аммо мамлакатда Британиянинг иттифоқдан чиқишини кўзлаган сиёсий куч ҳам юзага келган, улар Leave.EU деб номланган кампания ҳам бошлаганлар.

Йирик ширкатлар раҳбарлари ОИдан чиқиш сармоядорларни чўчитишидан огоҳлантирганлар.

Лондон шаҳри ҳокими Борис Жонсон ОИдан чиқиш тарафдори.

Унинг фикрича, ОИга аъзолик Британия суверенитетига дахл қилади.

Жамоавий мактуб муаллифларининг ёзишларича, Бош вазир Дэвид Кэмерон ОИ раҳбарияти билан музокараларда қатор имтиёзларни қўлга киритишга муваффақ бўлган.

"Бизнес ривожланиши, сармоя ётқизиши ва иш жойларини яратиши учун 500 миллион кишидан иборат Оврўпо бозорига чекловсиз кириш имкониятига эга бўлмоғи лозим", дейилган очиқ хатда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon