Бу гал ҳам Трамп ғолиб

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ президентлигига республикачи номзоднинг навбатдаги ишончли ғалабаси Невада штатига тўғри келган.

Бу – Дональд Трампнинг штатма-штат партиялар ўз ичида кечаётган сайловларда қўлга киритган учинчи ғалабаси бўлади.

Хабарларга кўра, бу республикачи номзод Невада штатида 42 фоиз овоз тўплаган.

Устига устак, бу штатда кечган овоз беришларда рекорд сондаги сайловчилар иштирок этишган.

Айтилишича, бу ерда Дональд Трамп, ҳатто, асли келиб чиқиши Лотин америкасилик бўлган сайловчиларни ҳам ўзига қарата олган.

Бунга республикачи номзоднинг муҳожирлар оқимининг олдини олиш учун Мексика билан чегарада тўсиқ қуриш лозимлигига оид бундан аввал қилган чиқишларининг ҳам бирор бир таъсири бўлмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

АҚШ президентлигига республикачи номзодлар орасида иккинчи ўрин учун кураш эса, флоридалик сенатор Марк Рубио (дастлабки натижаси – 25%) ва техаслик сенатор Тед Круз(21%) орасида кечмоқда.

Аммо, қатор сайлов шохобчаларидан олинган хабарларга кўра, Невада штатида овоз беришлар яхши ташкиллаштирилмаган.

Айрим сайловчилар такроран овоз беришга уринишган.

Овоз беришларни санаш жараёни ҳам пала-партиш кечгани айтилмоқда.

Худди шу хабарлар манзарасида Республикачилар партияси ўзининг “Твиттер”даги расми аккаунтида бу хусусдаги ҳар бир шикоятнинг синчиклаб ўрганилишига ваъда берган.

Невада – Республикачилар партияси ичкарисидаги сайловлар кечган тўртинчи штат бўлган.

Тўртта штатдан учтасидаги сайловлар Дональд Трампнинг ғалабаси билан якунланган, фақат Айовадагина Тед Крузнинг қўли баланд келган.

Навбатдаги овоз беришлар 1 март, америкаликлар таъбири билан айтганда, “суперсешанба” куни бўлиб ўтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аммо, таъкидлаш жоиз, праймериз ва кокуслар бир вақтнинг ўзида Американинг ўндан ортиқ штатида кечади.

Дональд Трамп сайловолди амалиётлари чоғида ўзининг аксилмусулмон руҳдаги чиқишлари билан ҳам катта шов-шувга сабаб бўлиб улгурган.

Жаноб Трамп сўнгги йилларда ўтказилган сўровлар мусулмонларнинг Америкага нафрат билан қарашларига далолат қилганини баён қилган.

Токи, бу каби ҳолатнинг тагига етгунларича, мусулмонларга ўз мамлакати эшикларини ёпишга чақирганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram
  • BBC UZBEKTwitter
  • BBC UZBEKOdnoklassniki
  • BBCUZBEKFacebook
  • BBC UZBEKGoogle+
  • BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ