АҚШ Зика вируси жинсий алоқа орқали юққани хабарларини ўрганмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ тиббиёт мулозимлари Зика вируси жинсий алоқа орқали юққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги 14 та янги ҳолат юзасидан текширув бошлаганлар.

Бу ҳақдаги хабар АҚШ Касалликларни назорат қилиш маркази(CDC) эълон қилган Зика вирусининг жинсий йўл билан юқишига бағишланган янги йўриқномасида ошкор этилган.

Касалликларни назорат қилиш янги йўриқномасида айтилишича, 14 та ҳолат бир неча ҳомиладор аёлни ҳам ўз ичига олади.

Янги йўриқнома эълон қилинишига АҚШ ҳудудидан ташқарига чиқмаган бўлса-да, бир инсон Зика вирусини юқтиргани тасдиқлангани сабаб бўлган.

Ушбу ҳолатда бу инсоннинг вирусни юқтирган киши билан жинсий алоқаси орқали Зикага чалингани айтилмоқда.

Касалликларни назорат қилиш маркази Зика вируси тарқалган ҳудудларга сафар қилиб қайтган эркакларни жинсий алоқа пайти презервативдан фойдаланишга чақиради, ҳомиладорликка етаклайдиган жинсий алоқадан тийилишни маслаҳат беради.

Йўриқномада вирусни юқтирган аёл киши жинсий алоқа орқали Зикани бошқа одамга юқтириши мумкинлиги исботланмагани айтилади, бироқ бу борада ҳали кўпроқ тадқиқот ўтказилиши лозимлиги таъкидланади.

Ўтган ҳафта олимларнинг эълон қилишларича, Бразилиядаги ҳомиладор аёллар устида ўтказилган тадқиқотлар Зика вируси микроцефалия нуқсони билан туғилаётган чақалоқлар ўртасида боғлиқлик бор деган тахминда жон борлигини кўрсатган.

Микроцефалия болаларнинг боши кичкина бўлиб туғилишига сабаб бўлаяпти.

Зика вируси Лотин Америкаси мамлакатларида тез тарқалмоқда.

Бу вирусни энг кўп юқтирганлар сони Бразилияда қайд этилган.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти 2015 йил май ойидан буён Бразилияда Зикани 1,4 миллиондан ортиқ юққани деб ҳисоблайди.

Шу пайтгача Зика вируси Аедес чивинидан аниқ юқиши маълум бўлган.

Шифокорлар ҳомиладор аёллларни чивинлар бор ҳудудда ўзларини эҳтиёт қилишга чақирмоқдалар.

Зикани юқтирган инсонлар АҚШ, Оврўпо ва Россияда ҳам аниқланди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ