Россия: “Бирорта “Бук”имиз чегарадан ўтмаган”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reproducao

Россия Мудофаа вазирлиги ўз ҳарбийларининг Украина шарқида 2014 йил июлида Малайзия йўловчи учоғининг “Бук” ракетаси билан уриб туширилишига алоқадорлиги ҳақидаги тахминни рад этган.

Вазирлик учоқ ҳалокати сабабларини ўрганадиган халқаро экспертларнинг Bellingcat гуруҳи ҳисоботига муносабат билдирган.

23 феврал куни эълон қилинган ҳисоботида Bellingcat “Бук” ракета комплексини Украина ҳудудига олиб кирган ва Малайзия йўловчи учоғини нишонга олган деб кўрган Россия ҳарбий қисми ва ҳарбий хизматчиларининг номларини эълон қилган.

Россия Мудофаа вазирлиги РБК ахборот агентлигига хат юборган, бу хатида “Бук” ракета мажмуаси Украина ҳудудига олиб ўтилгани ва учоқ ҳалокатига ўз ҳарбийларининг алоқаси борлигини рад этган.

“Ҳаводан мудофаа тасарруфида бўлган бирорта комплекс Россия-Украина давлат чегарасини кесиб ўтмаган», дейилади Россия Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати ва ахборот бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алексей Комаров номидан йўлланган мактубда.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, Bellingcat гуруҳининг сўнгги ҳисоботи шарҳлашга арзийдиган жиддий ҳисобот эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Bellingcat ҳисоботи “МН17: 53-зенит ракета бригадасидаги потенциал гумондорлари ва гувоҳлари” деб номланган.

2015 йил 13 октябрида Ҳолландиянинг учоқ ҳалокати сабабларини ўрганиш бўйича хавфсизлик кенгаши ўз ҳисоботини эълон қилган, бу ҳисоботда 2014 йилнинг 17 июл куни Украинанинг Донецк вилояти осмонида парвоз қилаётган Malaysia Airlines авиаширкатининг MH17 йўналишидаги учоғи ҳалокатига “Бук” ракетасининг портлаши сабаб бўлган деган хулосага келган эди.

Ҳолландия ҳукумати ҳисоботига кўра, “Бук” ракетаси учоқнинг бош қисми тарафида, учувчилар кабинасидан чап томонда портлаган, учоқ бортида бўлган 298 инсон ҳалок бўлган.

Бироқ бу ракетани ким отган бўлиши мумкин, деган саволга жавоб берилмаган эди.

Россия учоқ ҳалокатига ўз ҳарбийларининг алоқадорлигини доим инкор этиб келади.

Ҳолландия ҳукумат комиссиясининг ҳисоботига Росавиация раҳбарияти муносабат билдирган, учоқ ҳалокати борасида келинган хулоса асоссиз деб топилган эди.

Ҳолландия тарафи эса шу кунларда Росавиация раҳбариятига мактуб йўллаган ва Росавиация тақдим этган маълумотлар орасида бирор янгилик йўқлиги таъкидланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ