Жанубий Каролинада Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтон Демократлар орасидан номзод бўлиш учун партиянинг Жанубий Каролинада ўтган праймериз сайловларининг охирги босқичида Берни Сандерс устидан ишончли ғалабани қўлга киритган.

Клинтон хонимнинг ғалабаси олдиндан башорат қилинаётган бўлса-да, эришилган натижа "супер сешанба"да ўтадиган праймериз сайловлари олди уни қўшимча дастаклайди.

Сешанба куни ҳам Демократлар ва ҳам Республикачилар партиясининг ички сайловлари биратўла 15 штатда бўлиб ўтади.

"Эртага бу кампания умуммиллийга айланади", деб айтган Клинтон хоним ўзини олқишлаётган тарафдорлари қаршисида.

Барне Сандерс Ҳиллари Клинтонни ғалабаси билан қутлаган, лекин ўз ўрнида кампания энди бошланаётганини қайд қилиб ўтган.

Саналган овозлар бўйича Клинтон хоним қарийб 50 фоиз овоз тўплаган.

Бу Клинтон хонимнинг Айова ва Невададан кейинги учинчи ғалабасидир. Нью-Ҳемпширда у Сандерсга ютқизган эди.

Саккиз йил олдин Клинтон хоним айнан Жанубий Каролинада сенатор Барак Обамадан мағлуб бўлганди.

Демократлар партиясидан номзод июл охирида Филадельфиядаги партиянинг умуммиллий съездида эълон қилинади.

Республикачилар орасидан миллиардер Доналд Трамп етакчилик қилмоқда.

У ўзининг кескин чиқишларига қарамасдан, партиянинг Жанубий Каролина, Невада ва Нью-Ҳемпширдаги праймериз сайловларида ғолиб чиққан, Айовада Тед Крузга бой берган эди.

1 март - "Супер Сешанба"- 15 штат ёки ҳудуд қарор беради

18-21 июл - Республикачи номзод танланади

25-28 июл - Демократик номзод танлаб олинади

8 Ноябр - АҚШ президентлик сайловлари бўлиб ўтади

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ