Усама бин Лодиндан $29 миллион мерос қолган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Усама бин Лоден 2011 йилда Покистонда ўлдирилган эди

Ал-Қоиданинг собиқ раҳбари Усама Бин Лодиндан 29 миллион долларлик мерос қолган.

Бу ҳақда унинг васиятномасида битилган.

Усама бин Лодин 2011 йилда Покистонда ўлдирилган эди.

Айни васиятнома Америка оммавий-ахборот воситаларига бошқа қатор ҳужжатлар билан ошкор қилинган.

Васиятнома ва ҳужжатлар Абботободдаги бин Лодин қароргоҳига АҚШ ҳарбийлари ҳужуми пайти мусодара қилинган.

Усама бин Лодин ўз оиласига мурожаат қилар экан, уларни айни васиятномага амал қилиш ва меросни “ Аллоҳ розилиги учун жиҳод йўлида сарфлашга” даъват қилади.

У васиятномада бу маблағ Суданда эканига ишора қилади, аммо мерос нақд пулми ва ёки бошқа бойлик экани номаълум.

Усама бин Лодин 1990 йилларда Судан ҳукуматининг меҳмони ўлароқ бу мамлакатда яшаган эди.

Аммо бу мерос бин Лодиннинг меросхўрларига етиб борган-бормаганлиги аниқ эмас.

Усама бин Лодинга тегишли деб кўрилган бошқа мактубларда:

• Америкаликлар “инсониятни асраб қолиш учун даҳшатли” иқлим ўзгаришига қарши курашга чақирилган.

• Тиш доктори ўз турмуш ўртоғининг тишига махсус эшитувчи қурилма жойлаштирган деган хавотирда бўлган.

• АҚШга 2001 йил ҳужумларининг 10 йиллигида оммавий-ахборот воситаларида йирик кампания бошлаш ниятида бўлган.

Усама бин Лодин шунингдек, Ғарбнинг “террорга қарши уруши” ва АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётини танқид қилган.

"Улар ўз мақсадларига бир неча кун ва ёки ҳафталарда эришамиз деб хомтама бўлишган”, деб ёзади бин Лодин ўз мактубларининг бирида.

"Аммо биз сал кўпроқ сабрда бўлишимиз керак. Сабр билан ғалаба келади!”

Усама бин Лодин 2011 йилда ўлдирилганидан кейин Ал-Қоидага Айман ал-Заваҳирий раҳбарлик қила бошлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ