Ғарб "Ёвузлик империяси”ни қачон ва нима учун сўккан эди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Россия ва Башар ал Ассад ўзаро тил бириктиришган, қочқинларни ўзлари учун қуролга айлантиришмоқда ва Оврўпони синдиришмоқчи”

НАТО Қуролли кучлари олий қўмондони, америкалик генерал Филип Бридлавга кўра, Россия Оврўпода муаммолар яратиш учун атайдан Суриядан қочқинлар оқимини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.

"Россия ва Башар ал Ассад ўзаро тил бириктиришган, қочқинларни ўзлари учун қуролга айлантиришмоқда ва Оврўпони синдиришмоқчи”, деб айтган у Сенатдаги чиқишида.

Генерал Бридлав давлат раҳбари эмас.

Сенатдаги қўмита қаршисида қарийб ярим соатлик айни маърузасидан мақсад таҳдид хавфини бўрттириб кўрсатиш ва шунга яраша молиявий ёрдам олиш бўлгани муболаға эмас.

Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар бугун анчайин “совуб қолгани” ҳам аниқ, шунинг учун ҳам генералнинг бу чиқишидан фойда ҳам, зарар ҳам йўқ.

Барибир айни айблов Москва Сурияни бомбалашни бошлаганидан бери Ғарб томонидан янграётган даккиларнинг энг кучлисидир.

Би-би-си Америка ва Британия сиёсатчиларининг Россия ҳамда СССР ҳақида танқидий чиқишларидан бир қаторини эътиборингизга ҳавола қилмоқда.

"Мен ўйлайманки, агар бу ҳар қандай тараққиётга қарши бўлган ёввойи миллат Оврўпонинг юрагига жойлашса, бу инсоният учун энг йирик бахтсизлик бўлади” – Лорд Жон Линдҳерст, Британия парламентида сўзлаган нутқи, 19 июн, 1854 йил.

Ўша йилнинг 27 мартида Россиянинг жанубий ҳудудларга томон экспансияга қарши бўлган Лондон ва Париж Россия-Туркия урушига қўшилади. Туркия тарафида Россияга қарши асосан денгизда урушга киришади.

Лорд Линдхерст ўша пайт 82 ёшда эди. У жамоатчилик қаршисида жуда оз пайдо бўлар эди, аммо Британия сиёсатининг тирик “афсонаси” деган номи бор эди.

_________________________________________________________________________

"Болшевизмни бешикдалигидаёқ бўғиб ўлдириш керак”– Уинстон Черчил, 1918 йил 26 ноябр, Британия Мудофаа вазири

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption "Болшевизмни бешикдалигидаёқ бўғиб ўлдириш керак”

Ўша давр Буюк Британия Бош вазири Девид Ллойд-Жорж ўз вазирининг Дандидаги чиқишига эътибор бермайди. У Россияни погромлар юрти деб санар, бу мамлакатни қутқариш керак эмас деб ҳисобларди. Иккинчи томондан эса, оқларга ёрдам бериб яна сўнгги юз йил давомида Британиянинг дунёдаги йирик рақиби бўлган бу империя тикланишини ҳам истамасди.

_________________________________________________________________________

"20 йил аввал мен рус халқини яхши кўрардим. Мен Россия ўз муаммоларини ҳал қилади, мамлакат раҳбарияти эса тинчликсеварларга айланади ва халқ иродаси билан ҳукумат сайланади деб ўйлагандим. Улар ўз қўшниларига зуғм қилишмайди деган умидим бор эди. Бугун барча умидларим ушалмади ва ёки ҳали ушаладиган кун келмади. Бу мамлакатни дунёда мисли йўқ диктатура бошқармоқда” – Франклин Рузвелт, 10 феврал, 1940 йил Конгрессда сўзлаган нутқи

Рузвелтнинг бу чиқишига сабаб СССРнинг Финландияга нисбатан амаллари бўлган эди.

"Қитъамиз узра темир парда тортилди. Бу биз озод бўлишини истаб курашган Оврўпо эмас. Рус дўстларимиз, уруш вақтидаги иттифоқдошларимизнинг ўзини тутишидан бир нарсани тушуниб етдим. Руслар фақат ҳарбий қудрат билан фахр қилишади. Ҳарбий қудрати бўлмаганларни ҳурмат қилишмайди”. Уинстон Черчил, 5 март, 1946 йил

Черчил дунёга фақат аччиқ ҳақиқатларни айтиши билан фахрланарди. У аввалига Олмония, кейин эса Советлар хавфидан огоҳлантирганди. Америкада сўзланган ушбу нутқдан кейин унга қулоқ сола бошладилар. Роналд Рейганнинг кейинроқ айтишича, айни шу Фултон нутқидан кейин замонавий Ғарб ўртага чиқди. Унга АҚШ раҳбарлик қилар, мақсад коммунизмни жиловлаш эди.

_________________________________________________________________________

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Келинг, ўз дуоларимизда тоталитар тузумларда яшаётганларни ёд қилайлик"

"Келинг, ўз дуоларимизда тоталитар тузумларда яшаётганларни ёд қилайлик. Ўзининг шахсдан устунлиги, қолаверса барча халқлардан устунлигини уқтираётган давлат аслида ўзида ёвузликни мужассам этади. Мен ҳар икки томонга ҳам ёрлиқлар ёпиштиришга қаршиман, тарихий фактларга кўз юммаслик керак, ёвузлик империясининг тажавузкор амалларини ҳам...қуролланиш пойгасини эса фақатгина улкан тушунмовчилик деб қарамаслик лозим”. Роналд Рейганнинг Флоридада евангилистлар миллий ассоциацияси қаршисида сўзлаган нутқидан. 8 март, 1983 йил.

Ана шунда бошлаб “ёвузлик империяси” деган таъриф туғилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon