АҚШнинг Россияга қарши жазо чоралари узайтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Президент Барак Обама АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини яна бир йилга узайтириш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Россиянинг Украинага нисбатан тажовузкор сиёсати туфайли АҚШ жазо чораларини киритишга қарор қилган эди.

Президент Обама фармонида санкицяларни узайтиришга қарор қилинганининг сабаби Россиянинг “Украинадаги демократик жараёнларни издан чиқариш”, тинчлигини, хавфсизлигини, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузиш ҳаракатлари давом этаётгани” экани айтилган.

Россия Қримни аннексия қилгани, Украинада куч қўллагани ва демократик жараёнларни издан чиқаришга ҳаракат қилаётгани АҚШ томонидан санкцияларни чўзишга ундагани айтилади.

Россиянинг Украинага нисбатан сиёсати ҳамон АҚШ миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсатига ўта хавф туғдириб тургани қайд этилган Президент Обама фармонида.

Россия Давлат Думасининг халқаро қўмитаси раҳбари Алексей Пушковнинг Твиттерда ёзишича, АҚШнинг бундай қарор қабул қилиши олдиндан кутилган эди.

“Обама Россияга қарши санкцияларни яна бир йилга узайтирди. Бошқа нарса кутилмаётган ҳам эди. Сурия бўйича музокаралар Обама учун Москва билан муносабатлар яхшиланганини англатмайди”, деб ёзган Твиттерда Алексей Пушков.

2014 йил март ойида АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишига жавобан санкциялар жорий этишга қарор қилдилар.

Бу Қримда ўтказилган ва халқаро ҳамжамият номашруъ деб биладиган референдум ортидан Россия Қримни ўзига қўшиб олишига қарши жазо чораси эди.

Санкциялар алоҳида шхслар ва ширкатларга нисбатан қўлланди.

2014 йил ёзида эса Украина шарқидаги ҳарбий можаро туфайли Россияга нисбатан иқтисодий жазо чоралари киритилди.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Россияни Украина шарқидаги бўлгинчиларга ҳарбий ёрдам бераётганликда айблайди.

Россия эса бу айбловларни рад этади, Украина шарқида фақат Россиядан ўз ихтиёри билан борган кўнгиллилар жангларда қатнашаётганини айтади.

Бундан олдин АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россияга қарши санкциялар ўз-ўзидан бекор қилинмаслигини айтган эди.

Бунинг учун Россиядан Минск келишувлари шартларини бажариши талаб қилинишини айтган.

“Россия олдида оддий танлов бор: ёки Минск битимини тўла адо этиш ёки иқтисодий зарар келтираётган санкцияларга чидашда давом этиш. Санкциялар ўз-ўзидан тўхтаб қолмайди”, деб айтган АҚШ Давлат котиби Жон Керри Мюнхендаги йиллик хавфсизлик анжуманидаги нутқида.

Жазо чораларига нисбатан Россия АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи мамлакатларидан келтириладиган озиқ-овқат маҳсулотларига тақиқ киритган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ