Муслима топ модел бўлиши мумкинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Нурайни Нур бошқалар фикрини ҳурмат қилса-да, ўз фикридан қайтмаслигини айтмоқда.

Малайзиялик муслима модел Нурайни Нур ўзини танқид қилувчиларга қарши гапириб чиқди.

Унинг Осиё Топ Модели кўригида қатнашиши мусулмон Малайзияда жуда кўпчиликни ғазаблантирганди.

Осиёнинг жорий йилги топ моделини аниқлайдиган кўрик учун танланган 14 қатнашчи орасида малайзиялик муслиманинг борлиги бу мамлакатда кўпчилик норозилига етакламоқда.

Аммо Тути номи билан танилган моделнинг ўзи - Нурайни Нур уларнинг фикрларини ҳурмат қилса-да, бироқ одамларга ёрлиқ ёпиштиришни истамаслигини айтди.

"Бизни теримиз ранги ё динимиз ажратмайди" - деди 24 яшар Нур хоним - "Бу бир имкониятдир".

"Беҳаё томоша"

Нурайни Нур яқинда Осиё Топ Модели танловида қатнашадиган моделлардан бир сифатида саралангани маълум бўлганди.

У айни минтақавий телекўрикда иштирок этаётган малай миллатига мансуб биринчи қатнашчидир.

Бироқ мазкур янгилик мусулмон Малайзияда кўпчиликни ғазаблантирди ва баъзилар уни "беҳаё томошадан" чиқиб кетишга чақиришмоқда.

Осиё Топ Модели танлови Америка ва бошқа Оврўпо давлатларидаги худди шунақа танловдан нусха олган.

"Бу кўрик мусулмончиликка тўғри келмайди" - ёзади бир малайзиялик Фейсбукда - "Бизнинг ўз қонун-қоидаларимиз бор!"

"Мазкур кўрик мусулмон малай халқи фахрланадиган иш эмас" - фикр қолдиради унинг бошқа ҳамюрти.

"Бунинг устида, кўрик қатнашчилари очиқ-сочиқ кийимларда чиқишади, қатнашчи йигитлар уларнинг баданига тегиб кетади".

"Орзуларим ортидан"

"Ҳар кимнинг фикри ҳар хил ва мен буни назорат қилолмайман" - деган модел қиз - "Барчанинг фикрини ҳурмат қиламан".

"Мен бор йўғи ўз орзуларимга эришиш учун ҳаракат қиладиган қизман".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Муслима малайлар ҳатто ҳижобсиз ўтадиган гўзаллик кўрикларида ҳам қатнаша олмайдилар.

Нурайни Нурга кўра, муслима модел сифатида у продюсер, сураткаш ва стилистлар билан ишлаш жараёнида нима мумкинлигини, қандай ҳаракат ё ҳолат ҳассос қабул қилинишини очиқ тушунтиради.

"Асосийси, яхши фотосуратлар олинса бўлди. Мен шунга ҳаракат қиламан" - дейди модел.

Мўътадил Малайзия?

Малайзияда мусулмон малайлардан ташқари катта сонда хитойликлар ва ҳиндулар ҳам яшашади.

Аммо сўнгги йиллари диний масалаларда бетоқатлик ва тушунмовчиликлар тез-тез юзага чиқмоқда.

Масалан, ўтган йили кореялик ашулачилар малай қизларини саҳнада қучоқлаб ашула айтиши диний уламоларни ғазабга солганди.

Исломий партияни ҳажв қилган видеолавҳа яратувчиларига эса ўлим таҳдидлари бўлган. Ҳатто полиция ҳам ҳажвчилар устидан текширув бошлаганди.

Бир неча йил олдин эса мамлакатдаги ғайримусулмонлар ҳам Худо ҳақида гапирганда "Аллоҳ" калимасини ишлатмаслиги керак, деган баҳслар жамиятда баҳсларга сабаб бўлган.

Аёлларнинг тенглиги борасида ҳам муайян чекловлар мавжуд.

Масалан, Малайзиядаги ё халқаро гўзаллик танловларида мамлакатдаги муслима қизларнинг иштирок этиши мумкин эмас.

Ўз динини айтмасдан кўрикда қатнашган муслималар эса ҳатто маҳкамага тортилиш хавфи остида қолишганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:
  • +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ