Туркия: "Заман" таҳририятига рейд уюштирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Туркия полицияси мухолифатдаги "Заман" рўзномаси маҳкама томонидан ҳукумат назоратига ўтказилганидан бир соат ўтиб, нашр идорасида тинтув ўтказган.

Жума куни кечқурун полиция рўзноманинг Истанбулдаги биноси олдида тўпланган намойишчиларга кўздан ёш ёқизувчи газ қўллаган ва бино ичкарисига кирган.

"Заман" рўзномаси айни пайтда АҚШда муҳожиротда бўлган диний уламо Фатхулла Гуленнинг Hizmet ҳаракатига яқиндан боғлиқ.

Туркия ҳукумати Hizmet ҳаракатини Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳукуматини ағдариб ташлашни мақсад қилган "террористик гуруҳ" деб ҳисоблайди.

Жаноб Гуленнинг ўзи қачонлардир Эрдўғоннинг яқин иттифоқчиси бўлган, бироқ уларнинг йўллари кейин ажрашган.

Ҳаракатнинг кўплаб тарафдорлари ҳибсга олинган.

Расмий Анқаранинг журналистларга муносабати халқаро танқидлар остида қолган.

"Демократиянинг тугаши"
Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Жума куни Туркия маҳкамаси кўп тиражли "Заман" рўзномасини давлат назоратига ўтказиш ҳақида қарор берган. Бироқ бу борада расмий изоҳ берилмаган.

Кейинроқ "Заман"нинг юзлаб тарафдорлари маҳкама қарорига норозилик маъносида рўзнома биноси олдида йиғилганлар. Акция иштирокчиларидан бири "Биз эркин матбуот учун курашамиз!" деган шиорни кўтариб олган.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пургагичлардан фойдаланган.

Журналист Абдулла Аясун полиция уни оффисдан ҳайдаб чиқаргани ҳақида ёзади Твиттерда.

Эмри Сонсан ҳам "Туркия ҳукумати мамлакатнинг охирги танқидий овозларидан бирини ўчирди, #Zaman Daily ...Демократиянинг ниҳояси..." деб твит қолдиради.

"Заман" рўзномасига кўра, Туркия матбуоти эркинлик нуқтаи назаридан "ўзининг энг қоронғи ва оғир кунларини" ўтказмоқда.

АҚШ Давлат департаменти рўзномага нисбатан ҳаракатни "Туркия ҳукумати қўллаётган хавотирли чора" деб атаган.

"Заман"га қарши воқеа бундан бир неча кун олдин Туркия Конституцион маҳкамаси давлат сирини ошкор қилганликда айбланган икки турк журналистининг озод қилишидан кейин юз бермоқда.

Жумҳурият рўзномасининг икки журналисти Туркия ҳукумати Суриядаги исломий жангариларга қурол етказишга ҳаракат қилгани ҳақида мақола чоп этгани учун ўтган йил ноябр ойида ҳибсга олинган эди.

Ўтган йили Hizmet ҳаракати билан боғлиқлиги бўлган икки рўзнома ва икки телеканал давлат тасаррувига ўтказилган.

Туркияда матбуот эркинлиги

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг 2015 йилги ҳисоботига кўра, Туркия 180 мамлакат ичида 149-ўринда.

Айни пайтда 30 дан ортиқ журналист фаолияти туфайли панжара ортида. Уларнинг аксарияти курд миллатига мансублиги айтилади.

Туркия ҳукумати мамлакатдаги матбуот дунёдаги энг эркин матбуотлардан бири деб таъкидлайди.

Туркия курд исёнчилар ҳаракатини мамлакат хавфсизлигига хатар деб билади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon