Оврўпога биринчи Эрон нефти етиб келди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Эронга нисбатан бекор қилинган жазо чораларидан кейин илк Эрон нефти ортилган кема Испания жанубидаги нефтни қайта ишлаш заводига етиб келган.

Хабар қилинишича, бир миллион баррел нефт ортилган 'Монте Толедо' танкери Cia. Espaola de Petroleos нефтни қайта ишлаш заводига етказилган.

Эрон соҳилидан сафарини бошлаган танкер денгизда 17 кун сузиб Испания жанубига етган.

Эроннинг баҳсли ядровий дастури боис санкциялар жорий қилинган 2012 йилдан Оврўпо Эрон нефтини сотиб олишни тўхтатган, шу йилнинг январида эса нефт савдосига нисбатан тақиқ бекор қилинган эди.

Ўтган йили ноябрида Эрон расмийлари жазо чоралари бекор қилинганидан кейин мамлакатда нефт ишлаб чиқаришни икки баравар кўпайтириб, кунига 1,1 миллион баррелга етказиш режасини эълон қилган эдилар.

Аммо шу йил январида Эрон парламентига янги бюджетни тақдим қиларкан, Президент Ҳасан Руҳоний нефт экспортини оширишдан кўзланган даромад мўлжалдагидан анча паст бўлиши ҳақида огоҳлантирган, чунки жаҳон бозорида нефт нархи пасайиб кетган.

Шу боис санкциялар Эроннинг қўлини боғлаб турмаган бир пайтда иқтисодий ўсишнинг бошқа йўлларини излаш маъқуллигини айтган Президент Руҳоний.

Иқтисодий таҳлил ва прогонозларга ихтисослашган Bloomberg агентлиги хабар қилишича, феврал ойида Эрон 29 кемага нефт юклаган.

Шулардан 3 танкернинг Оврўпога йўл олгани хабар қилинган.

7 март кунги савдолар бошланишида Brent нефтининг нархи кўтарилиши кузатилган.

Эрталабки савдоларда 1 баррел нефт нархи 39,45 АҚШ долларига баҳоланган.

Охирги марта нефт нархи январ ойида 39 доллардан кўтарилган эди.

Нарх ошишига АҚШ нефт бурғулаш мосламаларининг сонини камайтиришга қарор қилгани ҳақидаги хабар туртки берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ